“Сиз менинг онамсиз...”
Чорак аср муқаддам Меҳрибонлик уйи дарвозаси олдида жажжигина нотаниш қизалоқ илтижо билан айтган бу гап Барно Тўраеванинг тақдирини ўзгартириб юборди.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан
Чорак аср муқаддам Меҳрибонлик уйи дарвозаси олдида жажжигина нотаниш қизалоқ илтижо билан айтган бу гап Барно Тўраеванинг тақдирини ўзгартириб юборди. Шу қизалоққа меҳри туфайли Меҳрибонлик уйига ишга кирди. У ҳозир ҳам болаларнинг “Сиз менинг онамсиз”, “Менинг онамга ўхшайсиз” деган гапларидан қалбида оналик меҳри жўшиб, беихтиёр кўзларида ёш қалқийди.
Бу воқеа юз берган пайтда у институтни битириб, мактабда ишлаб юрган эди. Ишга боришда йўли Меҳрибонлик уйи дарвозаси олдидан ўтарди. Бир сафар дарвоза олдида йиғлаб турган қизчага кўзи тушиб, беэътибор ўтиб кетолмади. Нотаниш қизни бағрига босиб, бошини силади:
– Нега йиғлайсан, йиғлама, қизим!
– Онамни соғиндим.
– Онанг келади, қизим.
– Сиз ҳам келасизми?
– Ҳа, мен ҳам келаман.
Йўлда давом этар экан, унинг кўз ўнгидан 5-6 ёшли норасиданинг мунгли нигоҳи, хаёлидан “онамни соғиндим”, “сиз ҳам келасизми” деган гаплари кетмай қолди. Катта оилада, тўққиз боланинг бири бўлиб вояга етган, ўзи ҳам она бўлиб фарзанд тарбиялаётган аёлнинг ҳаловати бузилди, она меҳрига зор нотаниш қизнинг тақдири уни ўйлантирди.
Эртаси куни улар яна учрашди. Бугун қизча йиғламаётган, аммо умид билан бировни кутаётгандек эди. У нотаниш опани кўриши билан чопиб келиб унинг қўлларидан тутмоқчи бўлди. Опа ҳам унинг талпинаётганидан, қўлини эмас, қучоғини очди. Улар узоқ айрилиқдан сўнг кўришган она-боладек бир-бирларини маҳкам қучоқлашди. Энди қизча эмас, у йиғларди.
– Қизим, мен ишга бориб келаман, хўпми? Сен дугоналаринг билан ўйнаб тур.
Қизча бу воқеани жимгина кузатиб турган тарбиячи ва болалар даврасига кетди. Барно опа қайтишида улар яна шундай соғинч билан учрашди. Энди у шундай кетолмади. Ичкарига кириб, қизчанинг тарбиячиси билан учрашди. Тарбиячи қизнинг онаси борлигини, бироқ қолдириб кетганидан буён бирон марта хабар олмаганини, у эса ҳар доим дарвоза олдида онаси келиб қолишини умид билан кутишини айтди.
Танимаган аёлни, қизчанинг онасини ўзи билмаган ҳолда ёмон кўриб қолди. Тарбиячи бу ердаги кўпчилик болаларнинг оналари борлигини айтганда, қалбида уларга нисбатан нафрат уйғонди. Тарбиячидан қизча билан учрашиб туришга рухсат сўради.
“Она-бола”нинг учрашувлари анча вақт давом этди.
Энди у қизчага қаттиқ меҳр қўйган эди.
Турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб, Меҳрибонлик уйига ишга ўтди.
Мана, йигирма беш йилдирки, Барно Тўраева Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйида тарбиячи. Унинг бу муассасага келишига сабаб бўлган қиз ҳам улғайиб, ҳаётда ўз йўлини топиб кетди. Ҳамон она-болалик меҳри уларни тарк этгани йўқ. Бу даврда яна қанча болаларга оналик меҳрини бериб улғайтирди. Ўзининг беш нафар фарзанди камолидан, бахти-иқболидан қанча қувонса, тарбияланувчиларининг ҳам яхши инсонлар бўлиб етишганидан шунча суюнади.
– Меҳр меҳрни уйғотади, – дейди тажрибали тарбиячи Барно Тўраева. – Ким бировларга меҳр бера олса, бу меҳр унга бошқалардан қайтади. Меҳр деган бебаҳо туйғу бизнинг муассасамизда, айниқса, зарур. Бу ерда ҳамкасбларимнинг кўпчилиги болаларга бўлган меҳри туфайли ишлайди. Болаларни яхши кўрган инсонлар қалбида ёмонлик бўлмайди.
Бу гап ҳақиқат. Болаларни яхши кўриш учун инсон бола каби тоза қалбга эга бўлиши керак. Катта оилада, кўпчилик билан, болалар орасида улғайган инсонлар одатда бошқаларга қараганда меҳрибонроқ бўлишининг сабаби ҳам шундан бўлса керак.
Бу катта уйда тарбиячилар ота, она, опа, ака ҳисобланади. Бу ерда тарбиячилар тарбияланувчиларни “болам, болажоним”, “болаларим” деб эркалайди, меҳр беради. Ўзи ҳам интернат-мактабда ўқиб-улғайган муассаса раҳбари Норқул Тоғаев бу меҳрни юракдан ҳис этади. У болаларнинг барчасига ўз фарзанди каби муносабатда бўлади. Ҳамма болалар уни отасидай яхши кўради.
– Давлатимизнинг ғамхўрлиги билан болаларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, эмин-эркин яшаши учун барча шароит яратиб берилган, – дейди Норқул Тоғаев. – Бу ерда биргина нарса – она меҳри етишмайди. Бу меҳрни уларга Барно Тўраева ва у сингари тарбиячиларимиз бермоқда. Бу фақат менинг, жамоамизнинг фикри эмас, тарбияланувчиларимизнинг, ўзимизнинг касбий иборамиз билан айтганда, болаларимизнинг иқрори. Чунки у болаларнинг тарбиячисигина эмас, ҳақиқий онасига айланган.
Дунёдаги барча болалар каби муассаса тарбияланувчилари ҳам ҳамма нарсалари бўлишини истайди. Замонавий бинодаги болалар ётоқхоналари оддий ётиш жойи эмас, икки хоналик росмана шинам уйлардан иборат. Қишда иссиқ, ёзда салқин бундай алоҳида болалар хонасини барча оилаларда ҳам бор, деб бўлмайди.
Дам олиш хонаси, ошхона, кутубхона – ҳаммаси замонавий мебель ва бошқа керакли буюмлар билан жиҳозланган. Тарбияланувчиларнинг еб-ичиши, кийимидан тортиб, китоб-дафтаригача давлат томонидан таъминлаб берилаётир. Болалар ўзлари танлаган тилда шаҳардаги учта мактабга қатнаб таълим олаётир.
– Ҳар қандай катта оилада бўлгани каби бизда ҳам муаммолар, хурсандчиликларимиз ҳам кўп, – дейди тарбиячи Бахти Қодирова. –Туғилган кунлар, болаларнинг ўқишда, фан мусобақаларида, фан, санъат, техник ижодкорлик соҳасида, спорт мусобақаларида эришган ютуқлари, танловларда олган ўринлари каби хурсандчилиги барча ака-ука, опа-сингиллар билан бирга нишонланади. Ҳар бир боланинг ўз характери бор. Барно опа каби тажрибали тарбиячилар бизга болаларнинг ҳаммасини бирдек яхши кўришни ўргатган. Чунки она меҳри ҳар бир болага керак.
Тарбияланувчилардан 80 фоизга яқинининг ота-онаси бор. Ота-онаси ажрашганда бола онаси билан қолган. Она боқишдан қийналгани боис болани Меҳрибонлик уйига топширган. Улар баъзан болаларини кўришга келиб туради.
– Бўйнига камида 5 миллион сўмлик тилла занжир тақиб олган, “боласини ёлғиз ўзи боқишдан қийналиб бу ерга топширишга мажбур бўлган” ўттиз ёшлар нари-берисидаги она билан суҳбатлашдим. “Бечора” она ўз уйига ҳам эга экан. Эри тўғрисида ижирғаниб “ўлган” деган жавоби жуда ишончсиз чиқди. “Болангизни қайтариб олишни истамайсизми?” деган саволимга, “ҳаётимни яхшилаб олсам олиб кетаман” деб жавоб берди. Унинг ҳамма нарсаси бор, фақат меҳри йўқ. Ичим нафратга тўлиб кетди. “Сен она эмассан!”, деб ҳайқириб юборишдан ўзимни зўрға тийдим, – дейди Барно опа.
У чорак асрдан буён бундай “она“ларнинг анчасини кўрган. Аммо ҳар гал уларни кўрганида она меҳрига зор болаларнинг мунгли нигоҳи кўз олдига келади. Ўз боласига меҳр беролмаганидек, бошқаларга, жамиятга ҳам ҳеч қандай наф келтирмайдиган бундай аёлларга “ҳайф оналик” дегиси келади.
Муассаса ҳаёти билан танишган киши бу ерда болалар учун яратилган шароитни кўриб, ҳамма оила ҳам эркатойларига ана шундай ғамхўрлик қила олмаслигини ҳис этади. Чунки муассаса тўлиқ давлат таъминоти билангина эмас, давлатнинг, халқнинг меҳри билан ҳам қамраб олинган. Президентимиз томонидан ўтган йилларда янги автобус, “Дамас” машинаси, 15 дона компьютер жамланмаси, янги русумдаги 5 та телевизор, бадиий китоблар совға қилинди. Муассаса ҳудудида сунъий қопламали футбол майдончаси қуриб берилди.
Бу ерда болалар учун она меҳридан бошқа ҳамма нарса бор. Ана шу меҳрни уларга Барно Тўраева, Бахти Қодирова, Гавҳар Худойқулова, Зуҳра Рустамова каби меҳрибон тарбиячилар улашмоқда. Болаларга меҳрини бераётган тарбиячилар давлатимизнинг, халқимизнинг, сиз-у бизнинг, барчамизнинг меҳримизга, ҳурматимизга сазовордир.