Сиз борсизки, сарҳадларимиз осойишта
Дадасининг ҳарбий фуражкасини бошига кийиб олиб, хона бўйлаб шахдам қадамлар ташлаб юраётган 6 яшар Улуғбек бир қўлини бошига тутиб, «Мен Ватан ҳимоячиси бўламан», дея баралла такрорларди.
Улуғбек эсини таниганидан бошлаб дадасининг ҳарбий кийимларига маҳлиё бўлиб, уларни кичик жуссасига кийиб олганча шу одатини ҳеч канда қилмасди. Уни кузатиб турган дадаси ва ойиси кулишиб, «отасини боласи-да» деб қўйишарди.
Ҳа, Улуғбекнинг томирида ҳарбий отасининг жасорати, матонати, қаҳрамонлигию фидойилиги, мардлиги жўшиб оқади. Унинг шижоатида, шахдам қадамларида, хатти-ҳаракатию характерида Ватаннинг содиқ ва фидойи ҳимоячиси бўлишдек юксак мақсаднинг куртаклари мужассам, она юрт сарҳадларини мардонавор ҳимоя қилишга арзигулик илк белгилар намоён. Отасининг боласи падари сингари элу юртга фидойи, садоқатли, азму шижоатли ҳарбий хизматчи бўлади, насиб этса!
Аслида ҳар бир ўзбек ўғлонининг қон томирида, жон-жонида ана шундай Ватанга муҳаббат ва фидойилик ҳисси жўш уради. Илло, ўзбекнинг Алпомишу Тўмарис сингари минг йилликларга дахлдор эл қаҳрамонлари, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда ўғлонларидан мерос мардлик, жасурлик бугунги авлодларнинг ҳам вужудида, онгу шуурида ўз сўзини айтади. Ватанга содиқлик, унинг ҳимоясига қасамёд қилиш ва ҳамиша шай туриш, юрт осойишталигига бел боғлаш ҳар бир ўзбек фарзандининг ҳам ҳаваси, ҳам мақсад-муддаоси, ҳам бурчию ор-номусидир!
Ватан ҳимоясида қалқондек турган юрт ўғлонлари! Сиз борсизки, сарҳадларимиз тинч, осойишта. Сиз бедорсизки, биз осуда, хотиржам, ширин уйқудамиз. Сизнинг беҳаловатлигингиз эвазига биз ҳузур-ҳаловатда, қалб хотиржамлигида яшаяпмиз, фарзандларимизни бехавотир ўстиряпмиз, ўқитяпмиз, бамайлихотир ишлаяпмиз, Ватанимиз ободлигию осойишталигидан илҳомланиб, ижод қилаяпмиз.
Жажжи ўғилларимиз сизнинг жасоратингиздан, матонатингиздан, шижоатингиздан руҳ олиб, метин иродали бўлишга интилмоқда, сизга эргашишга ҳавасманд бўлмоқда. Сизлар янги авлод ўғлонларимизга намуна бўлаётирсиз.
Юртнинг паҳлавон ва қаҳрамон ўғлонларини ўз таркибида жамлаган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 30 йил тўлди. Тарихан қисқа вақт ичида миллий армиямиз бу борадаги бой тарихий тажриба ва меросимизга таянган ҳолда мустаҳкамланди, ривожланди, ҳар томонлама бойиди. Мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ҳаёти ва фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолатига айланди.
Қуролли Кучларимиз таркиби жисмоний ва маънавий етуклик билан ҳар қандай вазиятга шай ҳолатда туради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида «Бугунги глобаллашув ва кескин рақобат даври, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда. Ана шундай ғоят масъулиятли вазиятда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ва ҳимоя қилишда Қуролли Кучларимиз, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда», деди.
Дарҳақиқат, бугун Ватанимиз сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилишда мард ва баҳодир, ўз қасамёдига содиқ, метин иродали ҳарбийлардан янада фаоллик ва фидойилик талаб этилади. Шундай экан, Она Ватанга қалқон бўлишда, халқимизга суянч бўлишда ҳеч қачон толманг, юрт посбонлари!
Муҳтарама Комилова, ЎзА