Сиз бизга кераксиз!
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Мамлакатимизда йиқилганни суйиш, ўксик кўнгилларни кўтариш, жисмоний имконияти чекланган кишиларга ёрдам қўлини чўзиш элимизга хос азалий қадриятлардан ҳисобланади.
Наманган шаҳридаги “Royal” тантаналар мажмуасида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда сана муносабати билан ташкил этилган “Сиз бизга кераксиз!” номли тадбирда ҳам халқимизнинг мурувватли фазилати яна бир карра ўз ифодасини топди.


Тадбирга ногиронлиги бор кишилар, кўзи ожизлар, кар ва соқовлар жамиятлари аъзолари, байналмилал жангда азият чеккан ҳамюртларимиз, маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар таклиф қилинди. “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакилининг биринчи ўринбосари Обидхон Икромов Президентимизнинг яқинда бўлиб ўтган парламент қўшма палаталари мажлисидаги нутқида юртимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор фуқароларга моддий, маънавий мадад кўрсатиш бўйича долзарб вазифалар белгилангани инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидан далолат эканлигини таъкидлади.


– Мен учун имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бунинг туб маъносини англаш ҳаётимда ас қотади, – дейди Поп тумани Тўда қишлоғида яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Наргиза Тожиҳайдарова. – Аравача ўтириш, бу ҳаммаси тугади, дегани эмас. Шукр, ҳунарим бор, чеварчилик қиламан, пишириқлар пишириб, буюртмачиларга етказаман. Ёзги мавсумда туристларга хизмат кўрсатиш учун ошхонани ижарага олиб, мазали таомлар тайёрлайман.
Тадбир якунида, “Вақф” фонди маблағлари ҳисобидан иштирокчиларга эсдалик совғалари ва махсус буюмлар тақдим қилинди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА