“Сиёсатчи аёллар клуби” ўз фаолиятини бошлади
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошида ташкил қилинган “Сиёсатчи аёллар клуби”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, партия фахрийлари, “Аёллар қаноти” фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, партияда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни бошқарувда қарорлар қабул қилиш жараёнига кенг жалб этиш, сиёсатчи аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида партия қошида иккита тузилма, яъни “Аёллар қаноти” ҳамда 2020 йилда “Депутат аёллар клуби” ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу тузилмалар томонидан хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш ва меҳнат шароитларни яхшилаш, оилага дахлдор масалаларни ҳал этишнинг конструктив тизимини жорий этишга алоҳида урғу берилди.

Хотин-қизларга дахлдор бўлган юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатга таклиф берилди. Ҳар бир депутат аёлга бир нафардан сиёсий фаол ёшлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида жами 500 нафар талаба қиз бириктирилди ҳамда улар партия захирасига киритилди.
Жумладан, партия “Аёллар қаноти” ва “Депутат аёллар клуби” аъзолари томонидан ўтган даврда жами 1 минг 568 та сайёр қабул ўтказилди. Уларга 5 минг 607 нафар аҳоли қамраб олинди. Айнан хотин-қизларга тааллуқли 1 минг 917 та мурожаат бўлди. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, бандлиги таъминланмаган хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Хизмат-беминнат” “Аёллар қаноти”нинг асосий лойиҳаларидан саналади. Депутат аёллар билан ҳамкорликда жами 91 та ўқув курси очилди. Уларга жами 478 нафар бандлиги таъминланмаган хотин-қиз қамраб олиниб, касб-ҳунарга бепул ўқитилди, 102 нафари ўз тадбиркорлигини бошлади.

“Депутат билан юзма-юз”лойиҳаси доирасида жами 2 минг 452 та учрашув ўтказилиб, улар томонидан жами 202 та депутат сўрови чиқарилган бўлса, “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 4 минг 234 та хонадонга кирилди. 762 та эҳтиёжманд оила ҳомийларни жалб этиш орқали ижтимоий қўллаб-қувватланди. 41 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 47 нафар аёлга банк кредитлари олишда кўмак берилди.
Партия Марказий кенгашининг 2025 йил 23 январдаги I Пленумида партия қуйи тузилмалари таклифларини инобатга олган ҳолда ташкилот ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритилиб, “Депутат аёллар клуби” фақат аёл депутатларни бирлаштириб қолмай, балки унинг таркиби ва мақсад ва вазифалари кенгайтирилиб, унинг мақоми янгиланди ҳамда ушбу тузилма “Сиёсатчи аёллар клуби”га ўзгартирилди.
Клуб эндиликда нафақат вакиллик органлардаги аёл депутатларни, балки фахрий ва собиқ депутатларни, сиёсатга қизиқувчи барча хотин-қизларни қонун ижодкорлиги жараёнларига бевосита жалб этадиган том маънода сиёсатчи аёлларнинг маҳорат мактабига айланади.
Тадбирда депутат аёллар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва келгусида клуб фаолиятини ривожлантириш борасида таклифлар билдирилди. Бунда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари миқёсида, тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда янада давом эттириш лозим эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири