Сирдарёликларга давлат мукофотлари топширилди
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тақдирланган бир гуруҳ сирдарёликларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳалол, фидокорона меҳнати билан ўрнак кўрсатган ватандошларимиз қатори вилоятнинг 34 нафар вакили ҳам давлатимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланди. Шунингдек, 596 нафар сирдарёлик “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонига лойиқ деб топилди.
– Сирдарёни қанчалик ривожлантирсак, ўз-ўзидан мамлакат равнақига ҳам шунчалик ҳисса қўшган бўламиз, – деди вилоят ҳокими, сенатор Ғофуржон Мирзаев. – Турмуш фаровонлиги, халқ розилиги йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар эътиборидан четда қолмайди. Жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишида, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда фидокорона меҳнат қилиб келаётган юртдошларимизнинг меҳнатлари муносиб эътироф этилгани бизни қувонтиради.
Тадбирда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда сирдарёликлар ҳам фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА