Сирдарёлик йигит синглисига буйрагини берди
Буйрагим нима, жигарим учун жонимни ҳам беришга тайёрман,—дейди 27 ёшли Асилбек Сайитқулов.
Ушбу амалиёт Гулистон тиббиёт кластерида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сирдарёда бошланган навбатдаги соғломлаштириш акцияси доирасида ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳлари, тиббиёт фанлар номзоди Жасур Собиров, Музаффар Рустамов, анестезиолог Ильяс Аблялимов, Гулистон тиббиёт кластери жарроҳлари Шерзод Ташмаматов, Эркин Алиқулов, Эркин Ўроловлар томонидан муваффақиятли ўтказди.
Бу Сирдарёда ўтказилган ушбу турдаги жарроҳлик амалиётининг иккинчиси. Биринчиси жиззахлик беморда ўтказилган эди.
– Беморнинг аҳволи анча яхши, – дейди Гулистон тиббиёт кластери директори Қодир Ҳасанов. - Унда кўпдан буён сурункали гломерулонефрит, аралаш (нефротик-гематурик) форма сабаб буйрак етишмовчилик, дастурий гемодиализ асорати, камқонлик сабаб нефрология-гемодиализ бўлимимизда даволаниб келарди. Энг муҳими, буйрак трансплантацияси каби мураккаб операцияларнинг мамлакатимиз жарроҳлари томонидан муваффақиятли ўзлаштирилгани ҳам уларнинг мушкулини осон қилди.
– Ёшлигимдан соғлом бўлиб ўсганман, – дейди Ҳамида Сайитқулова. – Ҳомиладорлик давримда 6 ойлик фарзандим қорнимда нобуд бўлди. Шундан сўнг буйрагимда ҳам муаммолар пайдо бўла бошлади. Охири буйрак етишмовчилиги ташхиси билан шифохонага мурожаат қилдим. Акам оғир кунимда мадад бўлди. Саломатлигимга ғамхўрлик қилаётган ҳамма яхши одамларга раҳмат.
Ш. Суяров, ЎзА