Сирдарёлик теннисчилар – пешқадам
Гулистон шаҳрида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стол тенниси бўйича мусобақанинг “А”, “Б” ва “С” лигалари республика босқичи бўлиб ўтди.
Қизғин ва муросасиз кечган финал баҳслари якунига кўра, умумжамоа ҳисобида мезбон вакиллари 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медаль билан 1-ўринни эгаллади. Наманган вилояти жамоасига 2-ўрин, Қорақалпоғистон Республикаси спортчиларига 3-ўрин насиб қилди.
[gallery-18362]
Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ҳамда вилоят секторлар раҳбарлари иштирок этди. Улар томонидан мусобақа ғолиб ва совриндорларига диплом, медаль ва ноутбук, шунингдек, ҳар бир иштирокчига ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” низомига мувофиқ, “А” лигада 5 та олтин медални қўлга киритган сирдарёлик спортчилар маҳаллаларига эндиликда универсал спорт майдонлари қуриб берилади.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ(сурат),ЎзА