
Ҳокимлик соати
Мамлакатимизда 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда ҳужжатлар ва расмий ахборотларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштириш тўлиқ жорий этилган. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги қарорининг Сирдарё вилоятидаги ижроси вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги ҳокимлик соатида атрофлича муҳокама этилди.
Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида бир қатор ташкилот ва муассасаларда қарор талабларига риоя этилмаётгани аниқланди. Хусусан, Маҳаллалар уюшмаси, Солиқ, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия бошқармалари, айрим тижорат банклари ҳамда йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарида иш юритишда кирилл алифбосидан фойдаланиш, имловий ва услубий хатоларга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилган. Бу каби камчиликлар корхоналар бўйича алоҳида муҳокама этил ва танқид қилинди.
Давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида диктант олиш амалиёти ўтказилди. Афсуски, натижалар ижобий эмас.
Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар раҳбар ходимидан 6 нафари, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг 5 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар раҳбар ходимидан 7 нафари, "Ўзбекистон почтаси" АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олишди.
Бу ҳолат вилоят раҳбарияти томонидан жиддий танқидга олинди. Эркинжон Турдимовнинг таъкидлашича, давлат тилида иш юритиш қонун талаби бўлиб, унга риоя қилиш ҳар бир раҳбар ва масъул шахснинг фуқаролик бурчидир.
Вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Ғайбулла Юсупов таъкидлаганидек, ҳозир давлат тилида иш юритишни такомиллаштириш мақсадида малака ошириш курслари ташкил этилган. Барча корхона ва ташкилотларда хат-ҳужжатлар билан шуғулланувчи ходимлар ушбу курсларда ҳужжатларни давлат тилида, меъёрий ва имловий жиҳатдан тўғри расмийлаштириш кўникмасини оширишлари мумкин.
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган "Миллий ном.ўз" платформаси орқали турли соҳаларга мос, замонавий ва миллий руҳдаги ўзбекча номларни шакллантириш ва жорий этиш имкони яратилгани ҳам таъкидланди.
– Агар мазкур имкониятларга бефарқ бўлмасак ва тавсияларга эътиборли бўлсак, кўчаларимиз, ташкилот ва бизнес субъектларидаги ажнабий номлар ўрнини миллий, тил ва маданиятимизга мос номлар эгаллайди. Бу эса жамиятда миллий ўзлик ва ифтихор туйғусини кучайтиради, – деди Ғайбулла Юсупов.
[gallery-22865]
Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Саводхонликни ошириш, раҳбар кадрларни босқичма-босқич давлат тилида иш юритиш асосларига ўргатиш ва уларни малака ошириш марказларига жалб этиш юзасидан чоралар белгилаб олинди.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/GsQ3TYtF_Kg" title="Sirdaryolik rahbarlar diktant yozishdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари