Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилоят Болалар кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан 2025 йил якунига бағишланган анъанавий йиғилиш бўлиб ўтди. Анжуманда вилоят ижод аҳли, адабиёт мухлислари, олимлар ва матбуот вакиллари қатнашишди
Тадбирни уюшма вилоят бўлим раҳбари Норинисо Қосимова очиб, йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан атрофлича ҳисобот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, 2025 йил сирдарёлик ижодкорлар учун фаоллик, янгиланиш ва янги нашрларга бой йил бўлди.
Кун тартибида ўтган йилда вилоят адабий муҳитини ривожлантириш йўналишда қилинган ишлар муҳокама этилди. Кутубхоналарда, таълим муассасалари ва маданий масканларда ўтказилган адабий кечалар, ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, янги китоблар тақдимотлари вилоятда адабиётга бўлган қизиқишни оширгани қайд этилди. Айниқса ёш ижодкорлар билан олиб борилган меҳнат, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ва уларнинг илк тўпламлари нашр этилгани муҳим воқеалардан бири сифатида тилга олинди.

Йил давомида бир қатор сирдарёлик ижодкорларнинг асарлари китобхонлар қўлига етди. Алиқул Хонимқуловнинг “Судхўрнинг қабул кунлари” романи, Муҳаммадали Аҳмаднинг “Бинафшазор” ҳикоялар тўплами ва “Тўра Сулаймон ҳикматлари”, Азиз Хўжамбердиевнинг “Уйғон” шеърлар тўплами, Турғун Норқуловнинг “Бахт манзиллари”, Норинисо Қосимованинг “Ёнимдагилар” публицистик китоби, шунингдек “Элсевар” ва “Ватандош, сен ватан виждони бўл” каби баёзлар ҳамда бир қатор ёшлар ижодидан намуналар жамланган янги тўпламлар ана шулар жумласидандир. Маърузачининг фикрига кўра, бу асарлар нафақат вилоятда, балки республика ва халқаро нашрларда ҳам муносиб баҳоланди, айрим муаллифлар нуфузли танлов ва фестивалларда иштирок этдилар.
Йиғилишда 2025 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгуси йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Адабий муҳитни янада жонлантириш, туман ва шаҳарларда ижодкорлар билан ҳамкорликни кучайтириш, китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса ёшлар ўртасида адабий таълимни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. “Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири Муҳаммадали Аҳмад сўзга чиқиб, йил давомида яратилган насрий асарлар таҳлили билан ўртоқлашди ва адабиётда кузатилаётган янги тенденциялар ҳақида фикр билдирди.

Шундан сўнг уюшма аъзолари — Равшанбек Маҳмудов, Алиқул Хонимқулов, Алишер Нур, Давлат Турсун, профессор Музаффар Маматқулов ва бошқалар ўз таклифларини айтиб, вилоят адабий ҳаётини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.
Йиғилишнинг бадиий қисми катта мушоирага айланди. Унда Баҳор Холбекова, Тўхтамиш Боқий, Алишер Нур, Давлат Турсун, Аҳрор Байзо, Озода Гулмуродова, Махсуда Мирзаевалар ўз шеърлари ва янги ижод намуналарини тингловчиларга тақдим этишди.
Анжуман сўнггида Сирдарё адабиёти равнақига ҳисса қўшган, аммо бу дунёдан кўз юмган устоз ёзувчи ва шоирлар руҳига Қуръон тиловати қилинди. Тадбир ижод аҳлини бирлаштирган, ўтган йилга муносиб хулоса ясаган ва келажакка аниқ мақсадлар белгилаб берган муҳим адабий воқеа сифатида эсда қолди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири