Сирдарёдаги муаммолар “маҳаллабай” тизимида бартараф этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Энергетика ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассисларидан ташкил топган махссус комиссия аъзолари томонидан аҳоли билан ишлашнинг “маҳаллабай” тизими асосида Сирдарё вилоятидаги 224 та маҳалла фуқаролар йиғинларида электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир таъминотидаги муаммоли масалалар танқидий руҳда ўрганиб чиқилди.
Сирдарё туманидаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган ўрганишларда юқорида таъкидланган масалалар юзасидан бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди.
Ўрганиш жараёнида туманидаги 23 та маҳаллада электр энергияси, 15 тасида табиий, 14 тасида суюлтирилган газ ҳамда 14 тасида кўмир таъминоти билан боғлиқ муаммолар аниқланди.

Энергетика вазирлиги ишчи штаби томонидан Сирдарё туманида ўтказилган сайёр йиғилишда тизим корхоналарига аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича 10 кун муддат давомида бажариш учун масъуллар белгиланди. Зарур чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва барча муаммоларни жорий йилнинг 1 сентябригача тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди. Шу куннинг ўзида Энергетика вазирлиги ва тизим корхоналари томонидан Сирдарё туманидаги “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, 15 тонна суюлтирилган газ, 5 тонна кўмир ёқилғиси тарқатилди. Кам таъминланган, “Темир дафтар”га киритилган Г.Бобокалонова ҳамда Д.Ўтаевалар газ плитаси ва суюлтирилган газ балонлари, И.Мисирова, И.Норматова, У.Қамбарова ҳамда Ф.Сатторовалар кўмир маҳсулоти билан таъминланди.
– Шундай аёзли кунларда уйни қандай иситишни билмай, бошим қотиб турганида, Республика ва вилоятдан келган ишчи гуруҳи ходимлари бепул кўмир тушириб кетишди, – дейди Ирода Мисирова. – Уйларимиз ойдек исиб қолди. Биздек эҳтиёжмандларни ўйлаб, шундай комиссияни юборган юртбошимизга раҳмат.

“Темир дафтар”га рўйхатга олинган маҳалладаги бошқа эҳтиёжманд оилаларга Энергетика вазирлиги вакили, Ишчи гуруҳи бошлиғининг ўринбосари А.Эшонқулов раҳбарлигида суюлтирилган газ балонларини узлуксиз етказиш, ҳар бир зарурати бўлган оилаларга 300 килодан кўмир етказиб бериш ишлари амалга оширилди.
Шу куннинг ўзида туман электр тармоқлари бўлими бошлиғи А.Комилов бошчилигида, маҳалладаги электр трансформатор янгиланиб, “Темир дафтар”даги 6 та оилага электр тежамкор лампочкалар ўрнатиб берилди.
Энергетика вазирлиги ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир таъминотидаги муаммоли масалаларни бартараф этиш ишларини изчиллик билан давом эттирмоқда.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ(сурат),ЎзА