Сирдарёда "Ёшлар ва спортчилар боғи"
Юртимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми давом этмоқда. Мазкур эзгу ташаббусда сирдарёлик ёшлар ҳамда спортчилар фаол иштирок этишмоқда.
Бугун эрта тонгдан вилоятнинг Сирдарё туманидан ўтган “Тошкент-Душанбе” йўналишидаги “М34” магистрал йўли бўйида вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси тизимидаги спортчилар ҳамда ходимлар иштирокида "Яшил макон яратишда бирлашамиз" шиори остида оммавий кўчат экиш акцияси ўтказилди.

Акция иштирокчилари томонидан барпо этилаётган "Ёшлар ва спортчилар боғи" ҳудудида 1000 нафардан зиёд ёш ва спортчи жам бўлди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан вилоят Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсудбек Сирожидинов акция иштирокчиларига ушбу боғда экилган кўчатлар йиллар ўтиб, инсонлар саломатлиги учун хизмат қилиши ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ёшлар ва спортчилар боғ ҳудудида кўчат экиш ишларига киришди. Ушбу акция давомида 1500 туп манзарали ва мевали дарахт кўчати экилди.
Ш.Суяров,
ЎзА мухбири