Сирдарёда уч авлод учрашди
Кексалар, фахрийларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Буни мунтазам ўтказиб келинаётган тадбирлар, учрашувлар, ёши улуғларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан ҳам билиш мумкин.
Шундай тадбирлардан бири, Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар уюшма бошқаруви раиси Д.Қудриддинов, бошқарма ходимлари, фахрийлар, ДБҚ Божхона институти курсантлари, Гулистон шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида ўтказилди.

Тадбир Сирдарё туманидаги “Сирдарё Мега-Люкс” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишишдан бошланди.
Сўнг бошқарма тасарруфидаги “Сирдарё” чегара божхона постида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнлари, замонавий назорат техник воситаларни қўллаш самарадорлиги, ходимлар ва йўловчиларга яратилган қулайликлар тўғрисида маълумот берилиб, “Ховос” ТИФ божхона постида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.

Божхона тизимида фидокорона меҳнат қилган божхона фахрийси, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг биринчи раҳбари, марҳум Э.Асқаровнинг хонадонига борилди.

Ховос туманидаги “Ховос тепалиги” ёдгорлик мажмуаси ва зиёратгоҳига саёҳат уюштирилиб, ушбу жойнинг тарихи ва ёдгорлик мажмуаси тўғрисида маълумотлар берилди.
“Уч авлод учрашуви”да ўтган даврда божхона тизимида эришилган натижалар, ислоҳотлар, машаққатли хизматлар ва бугунги кунда яратилган шароитлар ҳақида сўз борди.
Божхона тизимида ҳалол, сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларга Давлат божхона қўмитаси раисининг тегишли буйруғи билан унвонлар топширилди.

“Уч авлод учрашуви” иштирокчиларига, божхона фахрийлари ва мактаб ўқувчиларига эсдалик совғалари топширилди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА