Сирдарёда террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинди
ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Аниқланишича, Ховос туманида яшовчи Б.Т. ва унинг бир нечта ''маслакдошлари'' интернет орқали Суриядаги террорчилик ташкилотлари аъзоларининг таъсирига тушиб, экстремистик мазмундаги, хусусан жиҳодга чорловчи материалларни мунтазам равишда тарқатиб келган. Шунингдек, гуруҳ етакчиси Б.Т.нинг келгусида Сурияга бориб, террорчи гуруҳлар таркибига қўшилишни мақсад қилганлигини тасдиқловчи маълумотлар олинди.
Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларида ўтказилган тинтув жараёнида уларнинг уяли алоқа воситаларида экстремистик мазмундаги материаллар аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган. Мавжуд материаллар асосида Б.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида у хибсга олинди.
Ҳозирда Б.Т. ва унинг шерикларига нисбатан тергов-суриштирув тадбирлари олиб борилмокда.
ЎзА