Сирдарёда "Тадбиркорлик кенгаши" иш бошлади
Мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка жалб қилишни янада жадаллаштириш, тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар яратиш, республикамиз тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳамжамиятига интеграциялашувини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Савдо-саноат палатаси фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир.
Президентимизнинг 2023 йил 23 январдаги “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, палата фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мазкур қарорда тадбиркорлар билан жойларда тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида жамоатчилик асосида камида 20 нафар илғор тадбиркорлардан иборат Тадбиркорлик кенгашларини ташкил этиш белгиланган.

Сирдарё вилоятида ҳам тадбиркорлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур кенгаш доимий равишда тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилади. Тадбиркорлар ўртасида бизнесга оид қонунчилик ҳужжатлари моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, тармоқ корхоналари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, жойлардаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда таклифларни Палатага тақдим этиб бориш унинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Савдо-саноат палатаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи М.Шербеков раислигида ўтказилган тадбиркорлик кенгашининг илк йиғилишида 21 нафар илғор тадбиркорлар иштирок этди.
Тадбирда кенгаш таркиби тасдиқланди. Жумладан, кенгаш раиси, ўринбосари ва котиби сайланди. Шунингдек кенгашнинг вақтинчалик Низоми тасдиқланди ва асосий вазифалари белгиланди. Кенгаш раиси вилоят ҳокимининг ҳар сешанба куни тадбиркорлар билан ўтказиладиган сайёр қабулида иштирок этади. Мавжуд муаммолар ечими бўйича таклифларни вилоят ҳокимлигига киритади.
Тадбир якунида тадбиркорлик кенгаши йиғилишини ҳар ойда бир марта ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ш. Суяров,
ЎзА