Сирдарёда тадбиркор аёллар сафи кенгаймоқда
Сирдарё вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси тасарруфидаги хотин-қизлар тадбиркорлик марказида адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Адлия – тадбиркорга дўст” лойиҳаси доирасида семинар ташкил қилинди.
Тадбирда вилоят божхона бошқармаси, тижорат банклари, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази нодавлат нотижорат ташкилот сифатида адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ушбу марказнинг асосий мақсади – хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда иштирокини янада фаоллаштириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат.

– Бугунги кунга қадар 550 нафардан зиёд хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида махсус ўқув курсларини тамомладилар, - дейди вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори Мўътабар Усмонова. – Тингловчиларга тикувчилик, сартарошлик, пазандачилик, иссиқхона билан ишлаш, компьютер саводхонлиги йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ҳамда Гулистон давлат университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан машғулотлар ўтилди.
Тадбир аввалида тингловчилар учун ташкил этилган “Ҳуқуқий ахборот соати”да тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар учун яратилган имтиёзлар, шунингдек, товар белгиларининг тадбиркорлик фаолиятидаги ўрни ва самараси тўғрисида – вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Б.Норбоев, импорт товарларни божхона назоратидан ўтказиш тартиби ҳақида – вилоят божхона бошқармаси бош инспектори, подполковник А.Карабаев ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит маблағлари олиш борасида банк ходимлари батафсил ҳуқуқий тушунча берди.
Шундан сўнг барча йўналишлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир давомида тадбиркор аёлларнинг фаолияти билан танишилди, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш қилинди.
Семинар ниҳоясида бўлажак тадбиркорларга илк тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, юқори малакали тадбиркорлар билан тажриба алмашиш ҳамда ўқув курсларини тугатган аёлларга сертификатлар тақдим этилди.
– Вилоятимизда тадбиркор аёллар сафи янада кенгаймоқда ва бу эзгу ҳаракатлар иқтисодиётимиз тараққиёти, дастурхонларимиз тўкинлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун хизмат қилиши шубҳасиз – дейди семинар иштирокчиларидан бири, тадбиркор Барчиной Усмонова. – Ҳадису шарифларда, бешикдан то қабргача илм ўрган дейилган. Ҳунар ўрганишнинг эрта-кечи бўлмайди. Аёл киши қандайдир фойдали машғулот билан банд бўлса, оиласи, фарзандлар тарбияси, ишидан ортиқча фисқу-фасодга, ғийбатга вақти қолмайди, бир нечта хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, бандлигини таъминлайди, оилавий бюджетига, қолаверса мамлакатимиз иқтисодига ўзининг кам бўлсада ҳиссасини қўшади.
Дилноза УМУРЗОҚОВА,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси
Фурқат ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА