Сирдарёда плоггинг акцияси ўтказилди
Сирдарё вилоятида соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятни тарғиб этиш мақсадида навбатдаги экоташаббус — плоггинг акцияси бўлиб ўтди.
Тадбир “Тозалик ойлиги” доирасида вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан Гулистон шаҳрининг “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида ташкил этилди.

Плоггинг — югуриш ва чиқинди йиғишни уйғунлаштирган экоташаббус бўлиб, у Швецияда пайдо бўлган ва сўнгги йилларда жаҳон бўйлаб кенг оммалашмоқда. Бу сафар мазкур соғломлаштирувчи ва фойдали ҳаракат Сирдарёда ҳам кенг жамоатчиликни бирлаштирди.
Акцияда вилоят Экология бошқармаси, прокуратура, Полигонларни бошқариш дирекцияси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, экофаоллар, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар фаол иштирок этишди.

Иштирокчилар маҳалла ҳудудида югуриш билан бир вақтда пластик идишлар, қоғоз ва бошқа турдаги маиший чиқиндиларни йиғишди. Тадбир якунида ҳудуд янада тозаланиб, обод ва кўркам қиёфа касб этди.
– Плоггинг нафақат табиатни тозалаш, балки соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – дейди Гулистон давлат университети биология йўналиши 2-босқич талабаси Носир Жўраев. – Биз ёшлар табиат тозалиги учун масъул эканимизни ҳис этсак, ҳар бир қадамимиз экологик маданиятни оширишга хизмат қилади. Бугунги акция орқали нафақат маҳалламизни, балки қалбимиздаги “экофикр”ни ҳам покладик десам муболаға бўлмайди.

Вилоят Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Дилшод Элмуродов ҳам бундай тадбирларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, шундай деди:
– Плоггинг акциялари орқали биз нафақат ҳудудларни чиқиндидан тозалаймиз, балки аҳолида экологик маданиятни шакллантиришга, айниқса ёшларда табиатга меҳр ва масъулият туйғусини кучайтиришга эришмоқдамиз. Кейинги босқичларда бундай экоюгуришлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом эттирилади. Шу билан бирга, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш маданиятини кенг татбиқ этиш бўйича ҳам аниқ режаларимиз бор.
Акция якунида энг фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, плоггинг каби тадбирларнинг асосий мақсади — фуқароларда табиатга эҳтиром ва масъулият туйғусини кучайтириш, экологик маданиятни ошириш ҳамда жамоатчилик эътиборини чиқиндилар муаммосига қаратишдан иборат.
Сирдарёда бу каби экоташаббуслар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши белгиланган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири