Сирдарёда пилла режаси ортиғи билан бажарилди
Сирдарё вилояти пиллакорлари томонидан бу йил 11 655 қути ипак қурти парваришланди, 664,7 тонна “кумуш тола” етиштирилиб, режа ортиғи билан бажарилди.
Ўтган йили вилоятда 114,9 гектарга яқин янги тутзорлар барпо этилиб, 5 433,5 минг туп тут кўчати экилган эди. Жорий йилда бунга қўшимча равишда 4 602,7 минг туп тут кўчати ўтқазилиб, парваришланди. Бу эса ипак қурти учун етарли озуқа базаси яратилишига, пилла ҳосили мўл бўлишига замин яратди. Бундан ташқари, вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 2 033 та фермер хўжалиги билан пиллачилик кластерлари ўртасида пилла етиштириш бўйича шартномалар ҳамда фермер хўжаликлари билан 7 429 нафар қурт боқувчилар ўртасида ички меҳнат шартномалари тузилди.
Ҳар бир туманда ташкил этилган инкубаторийларга малакали мутахассислар бириктирилди, сифатли уруғ етиштиришга эътибор қаратилди. Зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди.
– Давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли пиллачилик тармоғи жадал ривожланмоқда, – дейди вилоят Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Султонов. – Бунда экспорт имкониятлари йилдан йилга яхшиланиб бораётгани, меҳнат қонунчилигида алоҳида имтиёзлар жорий этилаётгани, ипак қурти боқиш аҳолининг доимий даромад манбаига айланаётгани аҳамиятлидир.
Пиллачилик кластерлари билан ҳамкорликда ҳар йили янги иш ўрни яратилмоқда. Ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун бу йил 24 700 сўмдан тарози устида нақд пул тўлаб берилди. Шунингдек, 5 000 сўмдан давлат субсидия маблағи ҳам тўланяпти. Даромад яхши бўлгач, меҳнатга муносабат ҳам, интилиш ва ғайрат ҳам ўзгача бўлиши табиий.
Вилоятда ўртача ҳосилдорлик 57,2 килограммни ташкил этгани ҳолда, пилла терими давом этмоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА