Сирдарёда пахта йиғим-терими қизғин
Сирдарё вилоятида 10 сентябрдан бошлаб оммавий пахта йиғим-теримига киришилди. Вилоят бўйича кўклам ойларининг илк кунларидан 77 минг 500 гектар ерга чигит экилиб, агротехник талабларга қатъий амал қилинган ҳолда меҳнат қилинганлиги боис ғўзаларнинг қийғос очилишига эришилди.
Вилоятда фаолият олиб бораётган деҳқон фермер хўжаликлари кластерлар билан фьючерс шартномалари асосида 270 000 тонна пахта топширишни мақсад қилганлар. Етиштирилган ҳосилнинг 113 минг тоннадан зиёди пахта териш машиналари, 157 минг тоннаси қўл терими билан йиғиб олиш режалаштирилган. Етиштирилган ҳосилни қўл терими билан териш учун вилоятга Фарғона, Сурхондарё, Андижон, Бухоро вилоятларидан 14 минг нафар ҳашарчи жалб этилган. Айни дамларда 6000 нафар теримчи ҳашарчилар вилоятнинг пахта далаларида терим билан машғул. 160 та соз ҳолатдаги пахта териш машиналари ҳам пахтазорларда хирмон юксалишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
[gallery-13550]
Вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Боёвут туманидаги “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалиги даласида бўлиб, пахта йиғим-терими жараёни билан танишди. Фермер Абдулла Бегматов жами 80 гектар майдонга ғўзанинг “Султон” навини экди ва бугунга келиб туманда биринчилардан бўлиб теримга киришди. Фермернинг қайд этишича, ҳосилни тўлалигича терим машиналари ёрдамида йиғиб олиш мақсад қилинган.
– Теримни аввалги мавсумларга қараганда эрта бошладик. Кейинги пайтларда пахта ҳосилини йиғиштириб олишда механизациялашни жорий этиш анча жадаллашган ва бу меҳнат унумдорлигини оширмоқда. Шундан келиб чиқиб, бу йил далаларимизда етиштирилган пахтани тўлалигича терим машиналари ёрдамида йиғиб олишни режа қилганмиз, – дейди у. Хўжаликда шароитга мослашган ғўзанинг “8290” нави тажриба тариқасида Хитой технологияси асосида парваришланмоқда. Барча жараён механизациялашган. Кутилаётган ҳосил эса 70 центнердан зиёд.
Вилоятда А.Бегматов каби фермерлар кўплаб топилади. Ҳозирги кунда уларнинг барчасининг ўй-ҳаракати машаққат билан етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олиб, баракали ва юксак хирмон яратишдир.
Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев, (суратлар), ЎзА мухбирлари