Сирдарёда Наврўз тантаналари давом этмоқда
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Гулистон шаҳридаги “Марказий юрт боғи”, “Билимдонлар маскани” ҳамда вилоят мусиқали драма театри ҳудудида бугун эрта тонгдан байрам тадбири ҳамда халқ сайллари ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Махмудалиев, вилоят секторлари раҳбарлари иштирок этди.
Дастлаб меҳмонлар кўклам нафаси уфуриб турган майдонда ташкил этилган ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларини намоён этган байрам декорациялари, миллий ҳунармандчилик буюмлари, баҳорий таомлар кўргазмаси, спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари, миллий ўйинлар мусобақаларини томоша қилди.
[gallery-11083]
Тантанали байрам тадбирининг бадиий қисмида сўз олган вилоят ҳокими барчани шарқона янги йил – Наврўз байрами билан самимий табриклади. Шунингдек, тадбир давомида футбол бўйича U-20 Осиё кубоги ғолиби, чемпионатнинг “Энг яхши футболчиси” сирдарёлик Аббос Файзуллаевнинг ота-онасига вилоятимиз аҳли номидан “Умра” сафарига йўлланма берилди.
–"Ўйлаймизки, кейинги жаҳон чемпионатларида ҳам ватанимиз байроғини юқори чўққига кўтаришда Аббосбекнинг ҳиссаси катта бўлади. Жамоатчилик кенгаши билан келишиб, 2023 йил апрель ойида Аббосбекнинг ота-онасини Умра сафарига юбориш бўйича қарор қабул қилдик”, – деди А.Маҳмудалиев.
Байрам тадбирида таниқли саъаткорлар томонидан дилрабо тароналар, кўнгилочар дастурлар, бадиий ҳаваскорлик ва фольклор жамоаларининг чиқишлари барчага ўзгача кайфият, кўтаринкилик бағишлади. Вилоятнинг барча ҳудудларида Наврўзи олам тантаналари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Ш.Суяров,Ш. Ортиқбоев,(суратлар) ЎзА