Гулистон давлат университетида ўзбек адабиётининг йирик вакили, атоқли адиб Нурали Қобул таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Университет проректори Козимжон Қудратов таниқли ёзувчи ижоди хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг филология фанлари бўйича фалсафа докторлари Абдунаби Тўйчиев ҳамда Акром Узоқов “Нурали Қобул асарларининг мавзу кўлами ва образлар табиати”, “Ўзбек прозасида Амир Темур образини гавдалантириш тамойиллари” мавзусида маъруза қилишди.

Бундан ташқари профессорлар Равшанбек Маҳмудов, Музаффар Маматқулов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Гулбаҳор Қурбонова, тожикистонлик ижодкор Ҳаким Зокир адиб асарлари ҳақида гапирди.
Маънавий-маърифий тадбирда алоҳида қайд этилдики, Нурали Қобул қиссалари ва ҳикоялари юртимиз китобхонларининг севимли асарларига айланган. Истиқлол йилларида адиб ижоди янада камолотга етди. У йигирма беш романдан иборат “Темурийлар” эпопеясини ёзиб тугаллади. Бундан ташқари ёзувчининг бир қатор роман-памфлетлари ҳам севиб ўқилмоқда.

Таниқли адиблардан бири Абдунаби Ҳамро ёзувчи асарлари ҳақида рисола нашр этгани ҳам бежиз эмас.
Тадбирда университет кенгашининг қарорига асосан чоп этилган “Нурали Қобул қадрияти” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдурауф Абдуғаффор ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ғафуржон Тожибоев ёзувчи Нурали Қобулга бағишланган шеърий асарларини ўқиб беришди.

Тадбир сўнгида хушовоз хонанда Абдураҳим Султонов Нурали Қобул шеърлари асосида яратилган қўшиқларни ижро этди.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири