Гулистон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” қизғин давом этмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари раҳбар ва ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ўқувчи ва талаба-ёшлар иштирок этди.
“Китобхонлик ҳафталиги” Гулистон санъат коллежининг “Дамли чолғу асбоблари оркестри” жамоасининг мусиқий чиқиши билан бошланди.
Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, китобхонликнинг ёшлар тарбияси ва жамиятимизда тутган ўрни тўғрисида маълумот берилди.
[gallery-1931]
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари жаҳон ва ўзбек адабиёти намояндаларининг шеърларини ёддан, ифодали қилиб ўқиб бергани йиғилганларнинг диққат эътиборида бўлди.
Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёрлари ижросидаги саҳна кўринишлари эса “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирига янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Сирдарё вилоят туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларига совға қилинган 219 нусхадаги китоб ҳамда вилоят ахборот-кутубхона марказининг ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати томонидан тайёрланган “QR-код орқали электрон китоблар мажмуи” номли брошюралари ҳудудлардаги ахборот-кутубхона марказлари мутахассисларига тантанали равишда топширилди.
“Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” Сирдарё вилоятида давом этмоқда.
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов, ЎзА