Сирдарёда Касаба уюшмалари куни нишонланди
11 ноябрь — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни. Ушбу сана муносабати билан Гулистон шаҳридаги “Фаровон” тантаналар уйида байрам тадбири ўтказилди. Унда нуронийлар, тизимда узоқ йиллар фидойилик кўрсатган меҳнат фахрийлари, айни пайтда ибратли ишларни амалга ошираётган соҳа ходимлари, жамоат тузилмаси аъзолари, тармоқ касаба уюшмалари кенгашлари, ҳамкор ташкилот ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев меҳнаткашларнинг бирдамлик ва ҳамжиҳатлик байрами — Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни билан уюшма ходимларини, касаба уюшмаси тизимида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган соҳа фидойиларини, тузилма аъзоларини самимий қутлади.

Кейинги йилларда жамият ҳаётида касаба уюшмаларининг ўрни ва роли ошиб бораётганини, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Сирдарёда Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев ҳам иштирок этиб, ўз сафида етти миллион аъзони бирлаштирган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, унинг Сирдарё вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди..

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг 130 миллиард сўм маблағи ҳисобига Сирдарё вилояти аҳолиси учун бунёд этилган замонавий “Зомин” оромгоҳи, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган “Янгиер” санаториясида намунали хизматлар йўлга қўйилган. Ушбу стационар оромгоҳларда жорий йилнинг ўтган даврида 1334 нафар, халқ таълими тизимида ташкил этилган соғломлаштириш майдончаларида 2200 нафар болажон соғломлаштирилгани, Янгиер ва Сирдарё шаҳарларидаги “Мурувват уйи' да яшаётган аёллар аҳволидан доимий хабар олиниб, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга касаба уюшмалари томонидан мунтазам эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб келинаётгани қайд этилди.
Энг муҳими, ҳокимликлар, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган 24 минг 455 нафар ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган, ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизлардан 11 минг 871 нафари иш билан таъминланган, тадбиркорлик истагида бўлган эҳтиёжманд аёлларнинг 1710 нафарига амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, 3249 нафар боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёлнинг 3050 нафарига, ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 5042 нафарига зарурий ёрдам кўрсатилиб, 58 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилган, уйга муҳтож 10 нафар аёл эса уй-жой билан таъминланган, 584 нафар опа-сингилга ижара тўловлари тўлаб берилган. Энг асосийси, бу каби хайрли ишларга ҳисса қўшаётган ташкилот ва муассасалар вакилларининг самарали меҳнатлари тадбир давомида эътироф этилди.

Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ касаба уюшмаси фаоллари,шунингдек Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган республика танловлари ғолиблари муносиб тақдирланди. Тизимда ибратли фаолият кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ишчи-ходимларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда совғалари топширилди.
—Сирдарёда ўтказилаётган Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни байрами чин маънода айтганда меҳнаткашларнинг бирдамлик ва ҳамжиҳатлик байрами бўлди. Энг асосийси, кўп йиллик меҳнатларим эътироф этилиб, менга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тасарруфидаги сиҳатгоҳлардан бирида саломатлигимни мустаҳкамлаш учун бепул йўлланма берилди. Бундан нафақат мен, оила аъзоларим ҳам бирдек хурсанд бўлишди, —дейди Боёвут туманидаги 30-мактабгача таълим ташкилоти услубчиси Шоҳсанам Акбарова.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири