Сирдарёда ирригация тармоқлари тозаланмоқда
Дунё бўйлаб сув тақчиллиги йилдан йилга ортиб бормоқда.
Шу боис сувни исроф қилмаслик, уни тежаб ишлатиш муҳимдир.
Мамлакатимизда ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилмоқда. Сув хўжалиги тизимига оид қабул қилинаётган қарорлар ижроси доирасида томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш каби тежамкор усуллар татбиқ этилаяпти. Натижада сув тармоқларида исрофгарчиликларнинг олди олинмоқда.
Айни мақсадда Сирдарё вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотлари томонидан ирригация тармоқларини тозалаш, сув олувчи ва сув тўсувчи иншоотларни таъмирлаш ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Шу кунларда Сирдарё вилояти Гулистон тумани Ҳ.Олимжон маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини сув билан таъминловчи, сув ўтказиш қуввати 4 м³/сек бўлган “Дўстлик-10” каналининг 3,4 км қисмини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Сайхунобод туманидаги Шўрузак, Пахтакор ва Ўзбекистон ҳудудларини сув билан таъминловчи, сув ўтказиш қуввати 8 м³/сек бўлган Шўрузак хўжаликлараро каналининг 6,5 км қисмини тозалаш ва 7 дона гидротехник иншоотларни таъмирлаш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Шунингдек, Оқолтин туманидаги “Ўнг тармоқ-4-1” хўжаликлараро канали, У.Носир ҳудудидаги фермер хўжаликларининг ички суғориш тармоқларини тозалаш ишларига ҳам техника ва механизмлар ажратилган.
Бундан ташқари Шўрузак-Сирдарё ирригация тизими бошқармасига қарашли 10 та сувчилар уйи, Боёвут тумани ирригация бўлимига қарашли 3 та сувчилар уйининг атрофлари тозаланиб, ободонлаштирилди. Бино ва иншоотлар таъмирланди. Бу каби ишлар сувни исроф қилмаслик, ундан тўғри фойдаланиш, керакли ҳудудларга сувнинг тўлиқ етиб боришига хизмат қилади.
Ш.Суяров, ЎзА