Сирдарё вилоятида психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг навбатдаги қабуллари ўтказилиб, алоҳида таълим эҳтиёжига эга болаларнинг ривожланиши комплекс баҳоланди ва улар учун мос таълим тури аниқланди.
Текширув натижасида болалар шахсий салоҳияти ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган мактаб-интернат, инклюзив синф, “Ғамхўрлик” гуруҳи, кундузги парвариш хизмати ёки уй шароитида таълимга йўналтирилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармасинингшуъба раҳбари Яқубжон Шукуров таъкидлаганидек, комиссия хулосалари ҳар бир боланинг индивидуал ривожланиш имкониятларига асосан берилади. — Мақсадимиз — уларнинг таълим олиши, ўсиши ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, — деди у.

Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Феруза Ортиқова фарзанди илк бор комиссия кўригидан ўтиб, инклюзив синфда ўқиши учун тавсия этилганини маълум қилди. — Фарзандим тенгдошлари билан бирга таълим олиши орзум эди. Энди у мактаб муҳитида ўз ўрнини топиш имконига эга бўлади”, — дея ўз мамнуниятини билдирди у.

Сирдарё туманида яшовчи Нодира Отажонова эса 2015 йилда туғилган фарзанди аввал махсус мактаб-интернатда таълим олгани, комиссия хулосасига кўра, эндиликда уйда ўқитилиши белгиланганини таъкидлади. — Ўқитувчилар уйимизга келиб машғулотлар ўтади. Бу унинг оила бағрида эркин ва хотиржам ривожланишига хизмат қилади”, — деди у.

Вилоятда бундай қабуллар мунтазам ўтказилиб, юзлаб болалар учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу жараён таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида ҳар бир болага қобилиятини рўёбга чиқариш, жамиятда тенг ҳуқуқли иштирок этиш ва келажакда мустақил ҳаётга қадам қўйиш имкониятини тақдим этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири