Сирдарёда ҳуқуқий ахборот куни
Сирдарё вилоятида Адлия вазири ўринбосари М.Икрамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан аҳолининг ҳуқуқий муаммолари ўрганилди.
Юридик техникумида ўтказилган “Ҳуқуқий ахборот куни” тадбирида шу ҳақида сўз борди. Тадбирда дастлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан яқиндан танишилди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий салоҳиятини ошириш йўлида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни муҳим эканлиги юзма-юз мулоқотларда алоҳида таъкидланди.

Тадбир доирасида “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида иқтидорли ногиронлар томонидан ишлаб чиқарилган, тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди. “Ягона оилада” шиори остида Миллий маданий марказлар томонидан намойиш этилган миллий таомлар кўргазмаси ва бадиий чиқишлар халқимизга хос бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни ўзида ифода этди.

Сайёр қабулда эса аҳолининг муаммолари ўрганилди. Аҳолига тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 119 та мурожаатлардан 24 таси жойида ўз ечимини топди, 48 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди ва ўрганиш муддат талаб қиладиган 47 та мурожаат назоратга олинди. Шунингдек, фуқароларга 50 га яқин сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Куннинг иккинчи ярмида ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё туманида ташкил этилган тадбир очиқ мулоқот форматида бўлди.


Туман ҳокими Б. Мирзақулов, Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Шайжигитов иштирок этган тадбирда ёшларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ёшларнинг мурожаати юзасидан зарур тавсия ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ш. Суяров, ЎзА