“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бўлими томонидан Сайхунобод туманига пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур Президентимизнинг 2019 йил 28 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ва жорий йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилди.
Сирдарёда қорамолчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида четдан келтирилган наслли молларни парваришлаш ва наслчилик-селекция ишларини юритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, истиқболли режалар тўғрисида маълумот берилди.
Вилоятдаги барча тоифадаги хўжаликларда 469 минг бош қорамол, 355 минг бош қўй ва эчки, 15 минг бош от, 2 миллион 633 минг бош парранда мавжуд бўлиб, шундан 30 минг бош қорамол, 13 минг 500 бош сигир, 35 минг бошдан ортиқ қўй ва эчки, 2 минг 500 бош от ва туя қорамолчиликка ихтисослашган 558 та қорамолчилик фермер хўжаликларида ва хўжалик корхоналарида парваришланмоқда. Мазкур хўжаликларнинг 58 таси наслчилик мақомига эга бўлиб, уларда етти ярим минг бош наслли қорамол парваришланмоқда.
Соҳага берилаётган эътибор, ажратилаётган имтиёзли, узоқ муддатли кредит маблағлари вилоятда қорамолчилик соҳасини ривожланишига, наслли қорамоллар бош сонини кўпайишига, янги истиқболли режаларни амалга оширишга имкон бермоқда.
– Вилоятдаги 22 та тадбиркорлик субъекти томонидан 2019 йилда 1 минг 600 бош, 2020 йилда эса 44 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1 минг 700 бош наслли қорамол имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига Украина, Дания, Германия, Польша ва Қозоғистон давлатларидан келтирилган бўлса, жорий йилда янги лойиҳалар ҳисобига 2 минг 500 бош қорамол келтирилиши режалаштирилган, – дейди вилоят “Ўзагроинспекция”нинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Усмонов. – Шу бугунги кунгача Сирдарёга олиб келинган, қорамолларнинг гольштин ва симментал зотларига мансуб ғунажинлар сони 772 бошни ташкил этмоқда.
Жорий йил вилоятда қорамолчилик йўналишида 38 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳаларни амалга ошириш учун сарфланадиган маблағнинг 76 миллиард 500 миллион сўми тижорат банклар ҳиссасига тўғри келса, қолган 101 миллиард 100 миллион сўми тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келмоқда.
Ушбу янги лойиҳадаги ишлар вилоятда амалга ошгач, 210 та янги иш ўрни яратилади. Қолаверса, ички истеъмол бозорига қўшимча равишда 10 минг 300 тонна сут, 392 тонна гўшт маҳсулотлари етказиб бериш имкони туғилади.
Пресс-тур иштирокчилари “Равот“ сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида жойлашган ва 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Сайхунобод наслчилик чорва” масъулияти чекланган жамиятида Қозоғистон ва Германия давлатларидан келтирилган ва парвариш қилинаётган гўшт ва сут етиштириш йўналишидаги зотли қорамолларни парваришлаш, улар учун зарур бўлган озуқа маҳсулотларни етиштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, яқин ойларда тадбиркор томонидан амалга оширилиши режалаштирилган янги истиқболли лойиҳалар билан танишди.
– Режаларимиз катта, уларни амалга ошириш, яхши натижаларга эришиш учун эса вақт керак ва айни пайтда истиқболдаги режалар устида иш олиб боряпмиз, – дейди “Сайхунобод наслчилик чорва” масъулияти чекланган жамият раҳбар Абдуқаҳор Ҳамроев. – 21 гектарли комплексимизда қурилиш ишлари кетаяпти. Бу ерда Қозоғистон Республикасидан келтирилган 1 минг 329 бош қозоқи оқбош, 382 бош қора-ола, қизил-ола гольштин зотли қорамолларни парвариш қиляпмиз. Насиб қилса, яқин кунларда қорамолларимиз сони Германиядан келтириладиган 800 бош қорамол ҳисобига 2 минг 500 бошдан ошади.
Парваришимиздаги қорамоллар учун зарур бўлган озуқа маҳсулотларни етиштириш ва ғамлаш учун туман ҳокимлиги 720 гектар ер майдони ажратиб берган. У ерга маккажўхори, беда ва бошқа озуқабоп экинларни экиб, захирамизни шакллантиряпмиз.
Шунга яраша техника ва ишчи кучимиз бор. Зарур бўлиб қолганда кунига 80-100 нафар мавсумий ишчи кучидан фойдаланяпмиз. Улар меҳнатига яраша ҳақ олаяпти. Ҳозир доимий ишлаётган ишчиларимиз 50 нафардан зиёд бўлиб, уларнинг ўртача иш ҳақи 2 миллион 500 минг сўмдан ошяпти. Бу ишларни бошлаш, ишга тушириш учун тижорат банкдан 27 миллиард сўм имтиёзли кредит олган бўлсак, ўз ҳисобимиздан эса 20 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирганмиз.
Яқин ойларда сут ва гўштни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириб берадиган ишлаб чиқариш цехи қурилиши билан яқиндан танишилди.
Мазкур ишлаб чиқариш цехга жиҳозлар Хитой ва Туркиядан келтирилади. Маблағ ўтказилган, жиҳоз сотиб олинган. Қорамол гўнгидан биогаз, биогумус ишлаб чиқариш йўлга қуйилади. Бунинг учун зарур бўлган жиҳозлар ҳам келтирилган. Ушбу объектдаги қурилиш ишлари якунлангач, бу йўналишда иш бошлаб юборилади.
Биогумус ички бозорга чиқарилса, биогаз ҳисобига қурилиши кўзда тутилган иссиқхона иситилади. Бундан ташқари 5 гектар ерда интенсив балиқ хонани қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Шу сабабдан 272 минг АҚШ доллари ҳисобига балиқ хона учун керак бўлган жиҳозлар олиб келинган.
[gallery-2863]
А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА