Сирдарёда Чавандозлар мактаби ташкил этилди
Сўнгги йиллардаги ислоҳотларда йилқичилик ва от спорти тармоғини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жабҳада спорт, хизмат отлари етиштириш, наслчиликни яхшилаш баробарида, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, отчопарлар, монежларни халқаро андозалар асосида қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар яқин йилларда миллий йилқичилик ва от спорти довруғини дунёга кенг ёйишда муҳим ўрин тутади.
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Деҳқонобод” маҳалласидаги Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси дала ўқув базаси ҳудудида от спорти (уч кураш, тўсиқлардан сакраш ва от йўрттириш), замонавий бешкураш, поло ҳамда улоқ-кўпкарига ихтисослаштирилган Чавандозлар мактаби ташкил этилди.
Президентимизнинг 2021 йил 5 авгусдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган таълим муассасасида бўлғуси чавандозларни тарбиялаш ва уларга соҳа сирларини чуқур ўргатиш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Маҳорат мактабида 10 та қорабайир зотли от парваришланмоқда. Тез орада отларнинг яна 30 бошга кўпайиши кутилаяпти. Машғулотларда 100 нафардан зиёд ўсмирлар ва ёшлар иштирок этмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА