Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактабида “Долзарб 90 кун” дастури доирасида “Ранглар жилоси” мавзусида расм чизиш танлови ўтказилди.
Танловда иштирок этган барча болалар фаоллиги учун фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


–Бундай танловлар фарзандларимизнинг қалбида санъатга муҳаббат уйғотади, уларни эзгу ғоялар, гўзаллик ва яратувчанлик руҳида тарбиялайди, — дейди Сирдарё вилояти “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Олия Турдиева. – Болаларнинг тасаввури ва дидини шакллантиришда тасвирий санъатнинг ўрни беқиёс. “Ранглар жилоси” танлови ёш ижодкорлар учун илк катта синов, ўзини кўрсатиш ҳамда келажакдаги муваффақиятларига пойдевор бўлувчи муҳим тажриба майдони бўлди.
***
Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл каналидан ноқонуний балиқ овлаётган шахслар қўлга олинди.

Бу ҳақида Сирдарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тезкор ходими Шерзод Шодиев хабар берди.

Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи икки нафар фуқаро тақиқланган ов қуроли — электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун вилоят прокуратурасига юборилди.
***
Гулистон шаҳридаги 4-ТИП Болалар спорт мактабида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Мен қутқарувчиман” ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 11 та жамоа иштирок этди.

Мусобақа якунида Гулистон шаҳридан келган “Қутқарувчи” жамоаси барча шартларда юқори балл тўплаб мутлақ ғолиб бўлди. Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Сирдарё ва Ховос туман жамоалари мос равишда 2 ва 3-ўринни эгаллади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири