Сирдарё вилоятида оғир ҳаётий шароитда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярмида “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси маълумотларига кўра, январь-июнь ойларида жами 2 977 нафар фуқарога умумий қиймати 2 миллиард 660 миллион 241 минг 500 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

Ёрдамларнинг манзиллилиги ва эҳтиёжларга мос равишда тақсимланиши вилоятда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Барча туман ва шаҳарларда фуқаролар билан бевосита мулоқотлар, мурожаатлар ва хонадонбай ўрганишлар асосида аниқланган эҳтиёжларга кўра амалий чоралар кўрилмоқда.
Ёрдамдан фойдаланганлар орасида ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали ва кам таъминланган оилалар устувор тартибда қамраб олинган.
***
Гулистон шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркорлардан бирига тегишли савдо нуқтасида қонунбузарлик ҳолати аниқланди. Назорат тадбирлари давомида тадбиркор томонидан кирим ҳужжатларисиз сақланаётган 2404 қути шубҳали тамаки маҳсулотлари мавжудлиги маълум бўлди ва улар ашёвий далил сифатида олинди.

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг 2025 йил 21 майдаги қарорига мувофиқ, мазкур маҳсулотлар келиб чиқиши номаълум бўлиб, экспертиза хулосасига кўра истеъмолга яроқсиз деб топилган. Шу сабабли уларни йўқ қилиш белгиланган.
Суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими томонидан тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Унга мувофиқ, умумий қиймати 106,3 миллион сўмни ташкил этувчи 2404 қути тамаки маҳсулотлари махсус ажратилган ҳудудда комиссия аъзолари ва холислар иштирокида ёқиш йўли билан йўқ қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири