Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Иноқлик” маҳалласида “Маҳалла сервис компанияси” фаолияти йўлга қўйилди.
Янги ташкил этилган компания 12 турдаги замонавий техника ва махсус жиҳозлар, шу жумладан, икки дона кабинали электр мотороллер билан таъминланди. Бу эса маҳалла ҳудудида ободонлаштириш, санитария ва маиший хизматлар сифатини янги даражага олиб чиқиш имконини беради.


“Маҳалла сервис компанияси” биносининг очилиш маросимида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбари Уйғун Хатамов, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
***
Сирдарё вилоятидаги 8-сонли Тергов ҳибсхонасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ёпиқ муассасалардаги шароитларни ўрганиш ҳамда вояга етмаганларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) вилоятдаги минтақавий вакили томонидан мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Ташриф доирасида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва сайр қилиш каби ҳаётий шароитлари ўрганилди. Шу куни жазо муддатини хўжалик ишларига бириктирилган ҳолда ўтаётган маҳкумлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Адабиёт, тарих, география ва мантиқий фанлар бўйича савол-жавоблар ўтказилиб, ғолиблар ва фаол иштирокчилар тақдирланди. Эътиборли жиҳати шундаки, ғолиб маҳкумларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди ҳамда уларга муддатидан олдин учрашув ҳуқуқи берилди.

Айни пайтда ушбу ҳибсхонада 7 нафар вояга етмаган шахс сақланмоқда. Ёшларнинг таълимдан четда қолмаслиги ва ташқи муҳит билан алоқаси узилмаслиги учун муассаса ҳудудида барча зарур ўқув анжомлари билан жиҳозланган синфхона ташкил этилган. Ўқув машғулотлари вилоят халқ таълими бошқармасидан бириктирилган ўқитувчилар томонидан олиб борилмоқда.
Мониторинг ташрифи доирасида ҳибсхона ходимлари учун ҳам тарғибот тадбири ташкил этилди. Омбудсманнинг минтақавий вакили маҳкум ва маҳбусларнинг мурожаатларини қабул қилди ва ҳуқуқий тушунтиришлар берди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири