Сирдарё вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Сирдарё вилоятидаги ғалла етиштиришда юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган Боёвут туманида 2025 йилги ўрим-йиғим мавсумига бағишланган “Ғалла–2025” кўргазмали ва амалий семинари ташкил этилди.
Семинарда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туманлар ҳокимлари, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги бошқармалари, фавқулодда вазиятлар ва ёнғин хавфсизлиги хизмати, фермер хўжаликлари, агрокластерлар, техник хизмат кўрсатувчи корхоналар, ўрим отрядлари раҳбарлари ҳамда комбайн операторлари иштирок этдилар.
Тадбирда иштирокчиларга ғалла ўриш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган техник, ташкилий ва логистик масалаларни олдиндан кўриб чиқиш, уларни ҳал қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Бу йилги мавсумда фойдаланиладиган замонавий комбайн ва агротехника воситалари намойиш этилди. Мутасаддилар техникаларнинг тайёргарлик даражасини кўздан кечириб, уларнинг эксплуатацион ҳолатини баҳолашди.
Семинар давомида, шунингдек, ўрим мавсумида ишловчиларнинг моддий рағбатлантирилиши, уларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур воситалар билан таъминлаш каби ижтимоий масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бу ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бирга, ходимларнинг меҳнатга бўлган муносабатини яхшилашга хизмат қилади.
Семинар якунида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашишди, мавсумнинг муваффақиятли ўтиши учун ҳар бир бўғиндаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Бундай семинарлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
***
Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида “Қувноқлар ва зукколар–2025” кўрик-танловининг навбатдаги ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Танловда Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятлари ҳамда махсус муҳандислик-қурилиш бошқармасида хизмат қилаётган ёшлар иштирок этди. Уларнинг чиқишлари томошабинлар ва ҳакамлар ҳайъати томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Жамоалар мавзули саҳна чиқишлари, юмористик кўринишлар ва ҳаётий мавзулардаги ижодий импровизация шартлари асосида ўз иқтидор ва маҳоратларини намоён этдилар.
Ҳар бир жамоа саҳнада нафақат ҳазил, балки муҳим ҳаётий ва ижтимоий масалаларга юмор орқали ечим топишга уриниб, ўз чиқишларида маънавий тарбия ва ватанпарварлик ғояларини ҳам илгари суришди.
Қизғин ва ҳазил-мутойиба асосида ўтган танлов якунида ҳакамлар томонидан энг яхши деб топилган жамоалар аниқланди.
Ҳазил ва зеҳн уйғунлигида намунали чиқишлари билан ҳаммани ҳайратда қолдирган Самарқанд вилоятининг “Афросиёб” жамоаси 1-ўринни қўлга киритган бўлса, ўз зукколиги ва ҳозиржавобликлари туфайли Андижон вилоятининг “Андижон қутқарувчилари” жамоаси 2-ўринга, Тошкент вилоятининг “Тошкент пиёласи” жамоаси эса 3-ўринга сазовор бўлди.
***
Гулистон шаҳридаги “Тадбиркорлар ва ҳунармандлар маркази” да “Сирдарёда бизнес қилинг” шиори остида йирик ҳудудлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Кўргазмада Сирдарё вилояти ва қўшни ҳудудлардан жами 160 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Йирик тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.
[gallery-23534]
Кўргазмада кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва ипакни қайта ишлаш, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, мебелсозлик ва фармацевтика каби турли соҳаларда фаолият юритувчи корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Айниқса, бу сафар йирик ва янги ташкил этилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ярмаркада маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича масъул раҳбар ва мутахассислар, шунингдек, вилоят ва қўшни ҳудудлардан кўплаб меҳмонлар қатнашмоқда. Шунингдек, вилоятимизда фаолият кўрсатувчи хорижий компаниялар вакиллари ҳам мазкур кўргазмада фаол иштирок этмоқда.
Кўргазма доирасида хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар ўртасида шартномалар имзолаш тадбирлари ҳамда турли форматларда учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари