Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг буйруғига асосан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув ҳудудларида биологик хилма-хилликни сақлаш ва балиқ популяцияларини тиклаш мақсадида жорий йилнинг 10 мартидан 31 майига қадар Сирдарё дарёсида балиқ овлашга мораторий эълон қилинган эди. Шунга қарамасдан, Сирдарё дарёсининг бир қатор ҳудудларида ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, балиқлар популяцияларининг тикланиш жараёнига ва табиий экосистеманинг барқарорлигига катта зарар етказмоқда.
Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан мунтазам рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Айни пайтда Бешбулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтган Сирдарё дарёсининг маълум қисмида ўтказилган навбатдаги рейд давомида икки нафар фуқаро – С.Н. ва С.С. томонидан тақиқланган қурол – лескали тўр ёрдамида икки турдаги жами 11 дона балиқ ноқонуний тарзда овлаганлиги аниқланди.
Мутахассислар томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик натижасида ҳайвонот дунёсига 46 миллион 875 минг сўм миқдорида зиён келтиргани маълум бўлди.
***
Сардоба туманида аҳолига маданий-маърифий хизматларни сифатли ва замонавий тарзда кўрсатишга қаратилган яна бир муҳим иш амалга оширилди. Жорий этилаётган ислоҳотлар доирасида тубдан таъмирланган 11- Маданият маркази ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур масканнинг тантанали очилиш маросимида нуронийлар, маданият ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди. Маросимда сўзга чиққан Сардоба тумани ҳокими ўринбосари Б. Жумабоев таъмирдан чиққан Маданият маркази нафақат аҳоли учун маданий ҳордиқ маскани, балки ёшларнинг иқтидор ва қобилиятини ривожлантириш, турли йўналишдаги тўгараклар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар учун ҳам самарали масканга айланишини таъкидлади.
Тадбир давомида нуронийлар ҳам сўзга чиқиб, яратилаётган бундай қулай ва замонавий шароитлар учун миннатдорлик билдиришди, ёш авлодни китоб ўқиш, санъат, маданият ва илм-фанга қизиқиш билан ёндашишга даъват этишди.
***
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 апрелдаги “Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2025 йил 1 майдан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун нотижорат мақсадларда республикага автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали олиб кириладиган товарларга божсиз олиб кириш нормаси 300 АҚШ доллари этиб белгиланди.
Жисмоний шахслар томонидан товарларни божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш тартибларидаги ўзгаришлар юзасидан Ховос туманида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Тадбирлар “Ховособод” чегара божхона постида бўлиб, бу ерда фуқаролар ва ҳайдовчиларга шахсий эҳтиёж учун нотижорат мақсадда товарларни божсиз олиб кириш ва олиб чиқиш нормалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Чегара ҳудудда жойлашган Карвонсарой маҳалласининг фаоллари билан ҳамкорликда ўтказилган учрашувларда ҳам янги тартиблар ва божсиз олиб кириш миқдорлари бўйича тарғибот ишлари амалга оширилди.
– Бундай тадбирлар аҳоли орасида янги қонун ҳужжатларининг самарали ва кенг тарқалишига хизмат қилади. Бундан ташқари, чегара ҳудудларда божхона қоидаларига риоя қилиш даражасини оширишга ёрдам беради, – дейди Сирдарё вилоят божхона бошқармаси бош инспектори Алишер Ғаффоров.
[gallery-23075]
Ғулом Примов, ЎзА мухбири