Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси шахсий таркиби масъул идоралар билан ҳамкорликда қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Ховос туманининг "Қизил" ҳудудларида кучайтирилган назорат - профилактик тадбирлар ўтказди. Ушбу ҳудуддаги ҳар бир хонадон уйма-уй кирилган ҳолда ўрганилди.
Хонадонлардаги дудбуронларни нотўғри ўрнатиш ёки умуман ўрнатмаслик, ностандарт ва қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш каби фавқулодда вазиятларга сабаб бўлувчи 172 та ҳолатнинг 129 таси жойида бартараф этилишига эришилди.
Шунингдек, махсус ускуналар ёрдамида хонадонларнинг дудбуронлари тозаланиб, хонадон эгаларига огоҳликка чақирувчи эслатмалар тарқатилди.
***
Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судининг қарорига асосан қарздор “Сирдарё У.О.” МЧЖдан корхонанинг ишчи ходимлари фойдасига ойлик иш хақларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё тумани бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.
МИБ вилоят матбуот хизмати хабарига кўра, ижро ҳаракатлари натижасида корхона ҳисобидан 6 нафар ишчи-ходимга жами 50,6 млн. сўм иш ҳақлари тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжатларининг ижроси амалда таъминланди.
***
Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни олдидан Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари учун маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Хуршид Ҳакимов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Сирдарё вилояти кенгаши раиси Акбархон Мирзахоновлар соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, ўз ҳаловатиданда кечиб, фидойилик намунасини кўрсатаётган 18 минг нафарга яқин сирдарёлик тиббиёт ходимларини Халқаро хотин-қизлар куни билан қутлаб, улар меҳнатини эътироф этди. Аҳоли саломатлиги йўлидаги фаолиятига ривож тилади.
[gallery-22076]
Ўтказилган байрам тадбирида сирдарёлик санъат намоёндалари томонидан нафосат ва гўзаллик тимсоли хотин-қизлар ва баҳорни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари