Махсус тактик ўқув машқи ўтказилди
Янгиер газокомпрессор станциясида “Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда объект фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг туман хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик ўқув машқи ўтказилди.
Ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида вилоят ФВБ бошлиғининг биринчи ўринбосари--штаб бошлиғи Шерали Эрназаров раҳбарлигида ўтказилган ўқув машқи барча иштирок этувчи шахсий таркибга йўриқнома бериш билан бошланди.
Машқ давомида корхона ФМ тузилмалари шахсий таркибининг содир бўлган фавқулодда вазиятлар вақтида талафотларни қисқа муддатларда бартараф этиш, жабрланганларни қутқариш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича билимлари назоратдан ўтказилди.
Машқ якунида бажарилган тадбирлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, объект раҳбарлари таркибига қўшимча йўриқномалар берилди.
Спортчилар "Заковат" да ўзаро куч синашди
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 20 январдаги «Заковат» интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўрсатилганидек, «Заковат» интеллектуал ўйини нафақат иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини оширадиган, аҳолининг интеллектуал салоҳиятини юксалтирадиган оммавий-маърифий ҳаракатга айланди.
Энг муҳими, мазкур қарор асосида интеллектуал олимпиада таълим йўналиши, соҳаси, мутахассислигидан қатъи назар, ўрта ва олий таълим ўқувчи ва талабалари, давлат ва нодавлат ташкилот ходимлари ўртасида оммалашиб, турли тоифадаги ёшлар, ўрта ёшлилар, кекса ёшли кишилар ўртасида ўтказилиб, уларнинг билим ва ақлий салоҳияти синовдан ўтказиляпти.
Шу мақсадда Сирдарё вилоят Ёшлар марказида “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилиб, унда вилоят спорт бошқармаси ва тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда туман, шаҳар ихтисослаштирилган спорт мактаблари ходимларидан шакллантирилган 12 та жамоа “Ҳуқуқий заковат” интеллектуал ўйинида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Қизиқарли баҳс, мантиқий ва ҳуқуқий саволлар ҳамда кутилмаган лаҳзаларга бой ўтган мусобақа натижасига кўра, 1-ўринни Янгиер шаҳар спорт мактаби жамоаси, 2-ўринни Сайхунобод туман спорт мактаби жамоаси, 3-ўринни Якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва иштирокчиларга мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ички йўллар таъмирланди
“Ташаббусли бюджет” маҳаллалар инфратузилмасининг янада яхшиланишига, аҳолининг кўп йиллик орзулари ушалишига хизмат қилмоқда. Ана шу ишлар самарасида Боёвут туманининг Гулбоғ маҳалласи ҳудудида жойлашган, таъмир талаб бўлган 2 минг 500 метр бўлган ички йўлга асфальт- бетон ётқизилиб, аҳолининг ички йўллар билан боғлиқ муаммолари бартараф этилди.
Бунинг учун “Ташаббусли бюджет”дан 1 миллиард 200 миллион сўм ажратилди. Ушбу юмушларни туман йўлсозлари муваффақиятли амалга оширди.
—Янги йўллар янги йил олдидан маҳалламиз аҳолисига байрам туҳфаси бўлди,—дейди Фазлиддин бобо Жўраев.—Энг асосийси, энди фарзандларимиз ва набираларимиз лой ва балчиқ кечиб, ишга ва мактабга бормайди. Бундай натижага эришиш учун эса ташаббус керак. Маҳалламиз аҳолиси бу борада ташаббус кўрсатиб, шундай натижага эришди.
"Ташаббусли бюджет" нафақат "Гулбоғ"ликларнинг, бошқа маҳалла кишиларининг ҳам орзулари ушалишига йўл очди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири