Сирдарё: “Обод қишлоқ” дастури ижроси қандай?
Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда Сирдарё туманида “Обод қишлоқ” дастурига Ҳикматли ҳамда Фаровон маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилган.
Туманнинг 1-секторга қарашли Ҳикматли МФЙда дастур ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилгани ва режалаштирилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу маҳаллага бордик.
Маҳалладаги 620 хонадонда 3 минг 949 нафар аҳоли истиқомат қилади. У ерда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари изчиллик билан олиб борилаяпти.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида маҳалладаги жами 9,6 км ички йўлга асфальт-бетон ва қум-шағал ётқизиб таъмирлаш белгиланган бўлиб, шу кунгача таъмирталаб 3 км ортиқ ички кўчаларга ҳашар йўли билан тош-қум аралашмаси тўкилиб, текисланиб, таъмирдан чиқарилган.
Маҳалла аҳолисини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш ва таъминот тизимини яхшилаш мақсадида 7,8 км тармоқ тортиш ва 4 та сув иншоотини қуриш, реконструкция қилиш белгиланганэди. Ҳозирда бу борадаги ишлар ҳам бошлаб юборилган.
Ҳудуддаги электр таъминоти тизимини яхшилаш борасида эса 6 км электр тармоғи тортиш ва алмаштириш, 3 дона трансформатор ўрнатиш ва таъмирлаш, 192 дона электр узатгич таянч бетон устунлар ўрнатиш режалаштирилган экан.
Айни пайтда, 40 дона электр узаткич бетон устунлар ўрнатилган. Белгиланган жойлар учун 46 дона бетон устун маҳалла ҳудудига олиб келинган ва ўрнатиш учун соҳа мутахассислари изчиллик билан иш олиб бормоқда.
Дастур доирасида Ҳикматли МФЙда алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш бўйича 20 км алоқа линиясини тортиш, ободонлаштириш чора-тадбирлари бўйича 2 км пиёдалар йўлакчасини қуриш ва таъмирлаш белгиланган.
Иш олиб бораётган дастур ижрочиларининг таъкидлашича, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш борасидаги бошқа ишларга халақит қилмаслик мақсадида, пиёдалар йўлакчасини қуриш ишлари ҳали бошланмаган.
[gallery-2039]
Ҳудуддаги 680 ўринли 30-сонли умумтаълим мактаби биносини мукаммал таъмирлаш, 100 қатновли 28-сон қишлоқ оилавий поликлиникасини реконструкция қилиш ишлари ҳам режага киритилган.
Мазкур ўқув ва шифо муассасаларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга киришилган.
Умумтаълим матабидаги таъмирлаш ишларига ўқувчилар ёзги таътилга чиққач, қишлоқ оилавий поликлиникаси реконструкциясига эса лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқланиши билан киришилиши режалаштирган. Ҳозирча бу борада бирор иш амалга оширилган ишни кўрмадик.
Ҳикматли маҳалла фуқаролар йиғинида бозор инфратузилма объектларини барпо этиш ва таъмирлаш бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Жумладан, маҳаллада 4 та савдо мажмуаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик турдаги ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги бозор инфратузилма объектларини қуриш белгиланган. Ҳикматли маҳалласи марказида 21 та шохобчадан иборат бўлган савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилмоқда.
Бу ўз навбатида ҳудуддаги “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқаролар учун янги иш ўринлари билан таъминланишини кафолатлайди.
Якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва таъмирлаш юзасидан, маҳаллада 70 та уй-жойни аҳолининг бошланғич бадали ва “Ипотека кредити” асосида қуриш режалаштирилган. Бу йўналишда ҳам ишлар бошлаб юборилган.
Ушбу маҳалланинг ободлиги йўлида тумандаги барча ташкилот вакиллари ҳашарга келгани кишини қувонтиради. Ҳамжиҳатликда қилинган ишда барака бўлади.
А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА