“Террористик ҳаракатлар, ёнғин ва кучли таъсир этувчи заҳарли модда (сульфат кислота) тўкилиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар рўй берганда ФВДқТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди. Машқнинг амалий қисми тўрт босқичда ташкил этилди.
Станция смена бошлиғига қоровул бошлиғи томонидан 14- ва 15-постлар оралиғидан террористик гуруҳлар (шартли равишдаги) томонидан қўпорувчилик ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида маълумот берилди. Станция смена бошлиғи томонидан объектнинг раҳбарлар таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркибига тегишли вилоят фавқулодда вазиятлар давлатга қарашли ташкилот (ФВДқТ) хизматларига хабар берилди.
"Йиғин” сигналидан сўнг жамоа зудлик билан марказий ҳовлига йиғилди ва саф кўриги ўтказилиб, уларнинг асбоб-анжомлар билан таъминланганлик даражаси текширилди ҳамда вазият бўйича керакли топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, ўқув машқининг иккинчи босқичи бошланди. Кимё цехи ҳудудида (шартли равишда) портлаш натижасида ёнғин содир бўлди ва ушбу портлашдан кислота сақлаш сиғимига дарз кетиши оқибатида, ҳавога кислота сизиб чиқиб, 1 нафар ишчи жабрланди.
Объектни қўриқлаш кучайтирилган режимга ўтказилиб, қўлга олиш гуруҳи вазиятга аниқлик киритиш ва олдини олиш бўйича зудлик билан ҳаракат бошлади. Буйруқдан сўнг шахсий таркиб 14- ва 15-постлар оралиғида (шартли) қўпорувчиларни зарарсизлантириб, қўлга олди ва Ширин шаҳар ички ишлар бўлими вакилларига топширди.
Террорчиларнинг (шартли) шахсига аниқлик киритиш мақсадида шаҳар ИИБ ходимлари томонидан бўлимга олиб кетилди. Жабрланган ишчига хавфсиз ҳудудда биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаш муассасасига жўнатилди.
“Sirdaryo IES” акциядорлик жамияти (АЖ) объектига тегишли биноларда ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими 15- ва 16-ёнғин қутқарув қисм шахсий таркиби томонидан (шартли) ёнғин ўчирилди.
Навбатдаги босқич давомида объект муҳандислик разведка гуруҳи командири воқеа жойига етиб келиб, вазиятга аниқлик киритди. Машғулот раҳбарига алоқа воситаси орқали ёнғин ва кислота сиғими ёрилганлиги (шартли) тўғрисида ҳисобот берди.
Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ёнғин-қутқарув отряди радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофаза гуруҳи ва объект кимё цехи ходимлари махсус ҳимоя кийимлари ёрдамида дарз кетган (шартли равишдаги ёрилган) сиғимнинг сульфат кислотани захира сиғимига насослар ёрдамида ўтказиш ҳамда сизиб чиққан кислота тўкилган жойни зарарсизлантириш ишларини олиб борди.
Қутқарув гуруҳи жабрланганларни (шартли) талафот жойларидан олиб чиқиш ва хавфсиз ҳудудга ташиш чораларини кўрди. Жабрланганларга хавфсиз ҳудуддаги биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, тез тиббий ёрдам машиналарида даволаш муассасаларига жўнатилди.
Ўқув машқининг назарий қисмида машқ якуни бўйича барча иштирокчилар йиғилиб, ўқув машқининг ютуқ ва камчиликлари бўйича изоҳ берди.
Ўтказилган махсус-тактик ўқув машқи якуни бўйича объект раҳбарлари таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркиби ҳамда тегишли ФВДқТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари “Тайёр!” дея баҳоланди.
[gallery-2267]
А.Қаюмов, Ф.Тошматов, ЎзА