Сирдарёдаги табиий офат асоратлари бартараф этилмоқда
Оғир вазиятга тушиб қолган инсонларга кўмак бериш, муҳтожларга меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидандир.
Табиий офат – сув тошқини туфайли оғир вазиятга тушиб қолган Сирдарё вилоятидаги қатор қишлоқларда табиий офат асоратларини бартараф этиш, сув тошқинидан азият чеккан аҳолига ёрдам кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқаётган инсонлар, корхона ва ташкилотлар сафи тобора ортиб бормоқда.
“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти Матбуот хизматининг хабар беришича, тизимнинг бир гуруҳ фидойилари ушбу ташвишни ўз ташвиши деб билиб, сирдарёликларга ёрдам бериш учун воқеа жойига келиб, аҳоли пунктларида ишдан чиққан электр таъминоти тизимини тиклаш ишларида ёрдам бермоқда.
– Кутилмаганда содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида шахсан ўзим раҳбарлигимда 25 нафар электромонтёр ва тизимнинг бошқа хизматлари мутахассисларидан иборат бригада Сирдарёга келиб, табиий офат ҳудудларида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги ишларга ёрдамлашмоқда, – дейди “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори Аҳаджон Жўраев. – Ўзимиз билан ўндан ортиқ махсус техника воситаларини ҳам олиб келганмиз. Мана шундай оғир кунларда юртдошларимизни асло ёлғизлатиб қўймаймиз. Насиб этса, энг қисқа муддатларда табиий офат ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўла тикланади.
Оғир вазиятга тушиб қолган инсонларга кўмак бериш, муҳтожларга меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидандир. Бугунги пандемия, Сирдарё вилоятида юзага келган табиий офат халқимизнинг ана шу қадриятларини яна бир бор синовдан ўтказмоқда. Сирдарёликлар бошига тушган кулфат Ўзбекистоннинг, бутун халқимизнинг ташвишидир. Шу боис, кўпдан-кўп қийинчиликларни сабр, матонат ва аҳиллик билан енгиб ўтган халқимиз ушбу синовдан ҳам албатта ёруғ юз билан ўтади.
Андижонлик электр энергияси таъминоти тизимининг фидойи ходимлари табиий офат оқибатлари тўла бартараф этилгунга қадар сирдарёлик ҳамкасбларига ёрдам беради.