Сирдарёда танлов ғолиблари тақдирланди
Кўрик-танлов ғолиблари қаторида ЎзА Сирдарё вилояти бўйича мухбири Абдужалол Қаюмов борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб «Сен-қудрат манбаи, садоқат маскани, Жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимлари ҳамда вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.Тадбир аввалида маҳаллий рассом, ҳайкалтарош ва минатюрачиларнинг энг сара санъат асарлари кўргазмаси намойиш этилди.
Шу муносабат билан Гулистон шаҳридаги Юрт байроғи майдонида уюштирилган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаевнинг танлов иштирокчиларига йўллаган табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари О.Носиров ўқиб эшиттирди.
Тадбирда сўзга чиққан республика «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Ҳ.Ортиқбоева ва бошқалар танловнинг ғолиб ва совриндорларига ижодий баркамоллик тилади.
“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг вилоят босқичига 5 та йўналиш бўйича 551 та ижодий иш тақдим қилиниб, якунда 18 нафар ижодкор танлов ғолиби бўлди. Танлов асносида вилоятда турли йўналишларда ижод қилаётган ёш истеъдод эгалари ҳам кўп эканлигини кузатилди. Хусусан, шоир, Гулистон Давлат университети талабаси Ёрқинжон Хайитбоев мазкур танловнинг энг ёш ғолибларидан бири бўлди.
Ушбу нуфузли кўрик-танлов ғолиблари қаторида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Абдужалол Қаюмов, “Янги Сирдарё” – “Новая Сырдаря” газеталари бош муҳаррири ўринбосари Лола Нишанова, “Ширин садоси” газетасининг муҳаррири Облоқул Ашурқулов, вилоят телевидениеси мухбири Раҳима Жумабоева, шоир Алишер Нур, ҳайкалтарош Камола Аҳмедова ва бошқалар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
“Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг ғолиб, совриндор ва турли рағбатлантирувчи ўринлар соҳибларига вилоят ҳокимининг диплом ва фахрий ёрлиқлари ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир сўнгида вилоят санъаткорлари ва ижрочи ёшларнинг дилхуш наволари йиғилганларга хуш кайфият улашди.
Моҳира ЮЛДАШЕВА,
Сирдарё вилояти Ахборот ва оммавий
коммуникациялар бошқармаси мутахассиси