Сирдарёда коронавирусга чалинган бемор қайд этилмади
Коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин қоидаларига мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги каби Сирдарё вилоятида ҳам қатъий риоя қилинмоқда.
Коронавирус пандемияси тарқалишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантин қоидаларига мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги каби Сирдарё вилоятида ҳам қатъий риоя қилинмоқда.
Вилоятда коронавирус тарқалишининг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Бу борада барча зарурий чоралар кўрилаётир. Вилоятдаги барча жамоат жойлари, жумладан, деҳқон бозорлари, автовокзаллар, савдо дўконлари, туман ва шаҳарлар марказларидаги барча асосий кўчалар, аҳоли кўп тўпланадиган соғлиқни сақлаш ва бошқа муассасалар, кўпқаватли уйларнинг кириш йўлаклари ва уларнинг ҳовлисидаги болалар ўйингоҳлари, жамоат ҳожатхоналарида ҳам дезинфекция ишлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда.
Вилоят маркази – Гулистон шаҳридаги Дўстлик канали кўпригининг ўтиш жойида бир неча кун ичида автодезинфекция ускунаси қурилиб, ишга туширилди.

Гулистон шаҳрида ва вилоятнинг бошқа туман ҳамда шаҳарлари кўчаларда ҳам сукунат ҳукм сурмоқда. Фуқаролар карантин талабларини тўғри англаган ҳолда, жуда муҳим зарурат бўлмаган тақдирда уйларидан ташқарига чиқаётганлари йўқ. Шаҳар ва туманлар кўчаларида фақатгина ички ишлар, фавқулотда вазиятлар, санитария эпидемиология, соғлиқни сақлаш, коммунал хизматлар, уйгача хизмат кўрсатиш ва бошқа ҳаракатланишига рухсат этилган автоуловларнигина кўриш мумкин.
Бошқа вилоятлардан келган меҳмонлар йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан дарҳол тўхтатилиб, мутахассислар уларнинг ҳароратини ўлчаниб, коронавирус аломатлари қайд этилмаган тақдирда, ўзлари яшайдиган ҳудудга шу заҳоти қайтишлари айтилаётир.
Айни чоғда, вилоятда тиббий кузатувда турганлар сони 3 минг 127 нафарни ташкил этиб, шулардан 98 нафари шифохонада, 1 минг 512 нафари махсус муассасаларда, 748 нафари ўзлари яшаш уйларида кузатув, яъни карантинга олинган.
– Назоратдаги барча фуқароларнинг тиббий аҳволи қониқарли, хавотирланишга, ваҳима қилишга бирон бир асос йўқ, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акбархон Мирзахонов. – Бугун, яъни жорий йилнинг 31 марти соат 14:00 ҳолатига Сирдарё вилоятида коронавирусга чалинган бирон бир бемор қайд этилмади.
Шу ўринда, фуқароларимиздан баъзи ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбалар орқали тарқатилаётган ёлғон хабарларга ишонмасликларини ва бундай ёлғон хабарларни тарқатишдан тийилишларини ҳамда карантин қоидаларига риоя этиб, тиббиёт ходимлари тавсиялари асосида ўзларини ва яқинларини коронавирус инфекциясининг юқушидан ҳимоя қилишларини қатъиян сўраб қоламиз.
