Сирдарёда ҳафтанинг ҳар жума куни – мактаб куни
Сирдарё вилояти вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ҳокимлик аппарати йиғилишида “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловини эълон қилди.
Сирдарё вилояти вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ҳокимлик аппарати йиғилишида “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловини эълон қилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Хабарда қайд этилишича, йиғилишда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев Президентимиз раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларга тўхталиб, халқ таълими масаласи жиддийлигига алоҳида эътибор қаратган.
– Бундан буён мактаб иши – ҳар бир раҳбар учун виждон иши бўлиши шарт, – деди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. – Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз, кўп йиллар мактабдан анча узоқда бўлдик. Энди бу ўта муҳим долзарб масалани ҳар биримиз ўз иш фаолиятимизнинг асосий мезон бирлиги деб қарамоғимиз шарт. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий – Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир, дея таъкидлаган эди. Бугун биз келажак авлодимиз камол топаётган мактабларимизга ана шундай назар билан қарашимиз лозим.
Шунингдек, вилоят ҳокими йиғилишда мактаб таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада ҳар бир раҳбарнинг олдида турган долзарб вазифалар ҳақида ҳам атрофлича тўхталди.
Дарҳақиқат, жаҳондаги ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – мактабдир.
Шунингдек, йиғилишда вилоятидаги мактабларнинг таълим-тарбия салоҳиятини юксалтириш, фаолият самарадорлигини ошириш борасидаги янгича ёндашувлар бўйича ҳам мутасадди раҳбарларга бир қатор муҳим топшириқлар берилди. Ҳафтанинг ҳар жума куни вилоятда мактаб куни, деб белгиланди.