Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Гуруҳ аъзолари хонадонларга кириб хотин-қизлар билан суҳбатлашмоқда.
Касаба уюшмалари федерацияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳаллалар кенгаши, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат Республика Ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида иш бошлади.
Гуруҳ аъзолари хонадонларга кириб хотин-қизлар билан суҳбатлашмоқда. Ижтимоий-иқтисодий аҳволи, оила муҳити, хотин-қизларнинг бандлик даражаси, даромадларини ошириш манбалари, тадбиркорликка жалб этиш имкониятларини ўрганаётир.
Шунингдек, юзма-юз мулоқотлар давомида кўрсатилаётган тиббий ва ижтимоий хизматлар сифати, пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва манзилли етказиб берилишининг сифат даражаси аниқланади, оилаларда фарзандлар таълим-тарбияси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Ўрганишни Сирдарё туманидан бошлаган Республика Ишчи гуруҳи аъзолари 4 та сектор ҳудудлари бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда иш бошлади. Гуруҳ вакиллари Бахт шаҳарчаси Ишонч маҳалла фуқаролар йиғини, “Нафосат” кўчасида яшовчи Гулноза Рафиеванинг хонадонида бўлди.
Гулноза икки фарзанди билан ота-онаси ва акалари билан бирга яшаб келмоқда. Кенжа фарзанди 9 ёшли Озодбекнинг туғма ногиронлиги бўлиб, бугунги кунда боланинг уй шароитида таълим олиши таъминланган. Доимий равишда йўлланма асосида тиббий муолажаларни олиб келмоқда. Бироқ касаллик оқибатида жигар етишмаслиги пайдо бўлган. Ҳозирда Озодбекка жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур.

– Фарзандим парвариши билан бўлиб ишлаш имконияти бўлмаяпти, – дейди Гулноза Рафиева. – Илгари тикувчилик фабрикасида энг илғор ва фаол ишчилардан бири эдим. Фарзандим қаровга муҳтож, уни ташлаб ишга чиқиб кета олмайман. Қани эди, уйда ишлаш учун имконият бўлса.
Ишчи гуруҳи аъзолари Гулнозага, уй шароитида ҳунарманд-тадбиркорлик ишига жалб қилиш орқали, меҳнат дафтарчаси юритилиб, иш стажи ҳам давом эттиришини таклиф қилди. Гулнозанинг кўзида севинч ёшлари порлаб, ана шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга ва Ишчи гуруҳи вакилларига миннатдорлик билдирди.
Республика Ишчи гуруҳи аъзолари яна кўплаб тумандаги оиласида ногиронлиги бўлган, эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган бандлиги таъминланмаган хотин-қизларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг муаммоларини ўрганди, масалани имкон қадар жойида бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилди. Бартараф этилиши вақт талаб этадиган туман ва вилоят миқёсидаги муаммолар мутасадди ташкилот раҳбарлари зиммасига юкланди. Ечимини кутаётган мамлакат миқёсидаги масалалар эса ўрганиш давомида ишлаб чиқиладиган “Манзилли дастур”га киритилиш йўли билан ҳал этилади.
Республика Ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги фаолияти давом этмоқда.
* * *
Хорижлик фуқарога Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси берилди
Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 28 августдаги ПҚ-3924-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.
– “PENG SHENG” қўшма корхонаси бош директори Хитой Халқ Республикаси фуқароси Цзи Цюхай мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида 3 миллион 160 минг 932 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган, – дейди Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати мутахассиси катта сержант Дилшод Жўраев. – Ҳукуматимиз қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси)ни яшаш гувоҳномаси билан ҳужжатлаштириш ва доимий пропискадан ўтказиш белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги 845-сонли қарорига асосан хитойлик инвестор жаноб Цюхай томонидан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳномаси олиш учун Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва Фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига белгиланган тартибда ҳужжатлар тақдим қилган эди. Вилоят ИИБ МваФРБ томонидан ушбу ҳужжатлар кўриб чиқилиб, белгиланган муддатда ушбу инвесторга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси расмийлаштирди.

Вилоят ИИБ мутасадди ходимлари “PENG SHENG” қўшма корхонасига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини жаноб Цзи Цюхайга тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширган ишларим ва илтимосим инобатга олиниб, менга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси тақдим этилганидан жуда хурсандман. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш ва икки давлат ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш йўлида астойдил меҳнат қилишда давом этаман, – деди жаноб Цзи Цюхай.
* * *
Мактабгача таълим бошқармасида мақсадли ўқув курслари ташкил этилди
Сирдарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси тасарруфидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди.
Ушбу қисқа муддатли ўқув курсини ташкил этишдан кўзланган мақсад – гуруҳ педагоглари томонидан илғор замонавий методлар орқали 6 ёшли болаларни ҳар томонлама бошланғич таълимга тайёрлаш юзасидан касбий салоҳиятини оширишдан иборат.