Сирдарё хабарлари – қисқа сатрларда
Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 1 февралидан 25 февралга қадар “Бир болага беш китоб” акцияси ўтказилмоқда.
Сирдарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 1 февралидан 25 февралга қадар “Бир болага беш китоб” акцияси ўтказилмоқда.
Сирдарё тумани Бахт шаҳарчасидаги 14-мактабгача таълим ташкилотида ҳам ана шундай тадбир бўлиб ўтди.
“Бир болага беш китоб” шиори остида ташкил этилган тадбирда Бахт шаҳарчаси ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё туман кенгаши, ҳудудаги “н” ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ҳамда 14-мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ва уларнинг ота-оналари фаол иштирок этди. Ҳар бир болага 5 тадан қизиқарли китоблар совға қилинди.

Тадбирда боғча тарбияланувчилари ёд олган шеърларидан намуналар ўқиди, шўх мусиқага рақс тушиб, ўзбек, рус, инглиз тилларида ижро этилган қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Тумандаги “н” ҳарбий қисм ҳарбийларининг кўргазмали чиқишлари ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
* * * * *
Мамлакатимизда биринчи бўлиб, тажриба сифатида Сирдарё вилояти мактабгача таълим тизимида Методист мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.

Ушбу ташкилот фаолияти вилоятдаги мактабгача таълим тизимини соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида йўлга қўйилишини таъминлашга қаратилган. Жумладан, тизимга янги инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатаётган педагог кадрларнинг касбий малакасини ошириш ва уларга узлуксиз услубий хизмат кўрсатишни профессионал тарзда йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Республикада биринчи марта тажриба тариқасида Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари” ҳамда “Илк қадам” давлат ўқув дастурида белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган биттадан мактабгача таълим ташкилоти базасида “Методист мактабгача таълим ташкилоти” фаолияти йўлга қўйилди.
