Синовли дунёда сабрли бўлиш керак
Пахтачи туманидаги Боғолони маҳалласида яшовчи Ғаппор бобо 96 баҳорни қарши олди.
Пахтачи туманидаги Боғолони маҳалласида яшовчи Ғаппор бобо 96 баҳорни қарши олди. Дастлаб уруш, ундан кейин ҳаёт қийинчиликлари йиллар давомида бобонинг сабрини синовдан ўтказди. Ҳар қандай қийинчиликлар ортида, албатта, саодатли кунлар борлигига умид билан яшаган Ғаппор бобо бугун фарзанду набиралари ардоғида.
– Бобурнинг “Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?! Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!” деган сатрлари мен учун ёзилгандай, – дейди Ғаппор бобо Сапаров. – Бу дунё шундай синовларга тўла экан. Сабр-қаноат қилган одам, албатта, саодатга эришади. Ота-боболаримиз бежиз сабрли бўлишни кўп такрорламаган эканлар-да. Уч қиз, бир ўғилни вояга етказдим. Уруш азоблари, ундан кейинги турмуш қийинчиликларидан сўнг фарзанд доғи ҳам пешонамда ёзилган экан. Ўғлим хасталик туфайли ҳаётдан эрта кетди. Набирамни ўзим тарбиялаб вояга етказдим. Бугун набиралар, эваралар ардоғида, Юртбошимиз эътиборида кексалик гаштини сураяпман. Сўраб келувчиларнинг адоғи йўқ. Яратганнинг иноятидан мамнун бўлиб, юрт ободлиги, халқимиз фаровонлигини тилаб дуодаман. Аллоҳим бало-қазолардан ўзи асрасин.
1942-1945 йилларда фронтда бўлган Ғаппор Сапаров урушдан қайтгач хўжалик чорвачилик фермасида ишлади. Ҳалол меҳнат, пешона тери билан рўзғор тебратди, фарзандларини камолга етказди. Боғолони маҳалласининг пиру бадавлат отахони бугун бутун туман аҳлининг эъзозу ҳурматида.