“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди. Тадбирдан мақсад ёшларни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мардлик, жасурлик, шижоат, қатъият туйғуларни шакллантириб боришдир.
ДХХ қўмондонлиги, вилоят спорт бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ва вилоят ёшлар ишлари бошқармаси билан ҳамкорликда бўлиб ўтган бу галги мусобақада жамоалар сафда юриш, саф қўшиғи, югуриш, турникда тортилиш, граната улоқтириш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимлар синови бўйича ўзаро куч синашди.



Ҳакамлар томонидан иштирокчилар ҳар бир шарт бўйича баҳоланиб борилди. Қизиқарли ва баҳсларга бой бўлган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Бўстонлиқ туманидаги 40-сонли мактабнинг “Ватанпарвар” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мусобақанинг Республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Тошкент туманидаги 26-мактабнинг “Лочинлар” ва Қибрай туманидаги 28-мактабнинг “Қалқон” жамоалари 2 ва 3-ўринларни эгаллади.
– Ёшларнинг мазкур мусобақаларга қамровини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Улар учун танланган амалий шартлар ҳам белгиланган талабларга мос. Муҳими, иштирокчилар бу жараёнда ҳарбий бўлишнинг қанчалик машаққатли ва масъулиятли шу билан бирга шарафли эканини ҳис қилмоқда. Ишонаманки, ғолибларимиз мусобақанинг Республика босқичида ҳам ўзларини кўрсатади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи Эркин Шаропов.



А.Мусаев, ЎзА