Корея Республикасининг бизнес сиёсати ва тадбиркорлари фарғоналикларга таниш. Мустақилликнинг дастлабки йиллариёқ кореялик ҳамкорлар Ўзбекистонга, Фарғонага келиб, унинг келажагига ишонч билдириб, салмоқли инвестиция киритганлар.
Тўқимачилик, машинасозлик, информацион технологиялар бизнесда асосий йўналиш эди. Кейинги йилларда инвестиция лойиҳаларининг аксарияти Хитой тадбиркорларига тегишли бўлсада, синовдан ўтган корейс ишбилармонлари билан иқтисодий алоқалар самарали давом этмоқда.
Фарғонага Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри мэри Жонг Чанг Сон бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегация аъзолари сафар давомида саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, меҳмонлар Фарғона шаҳрида жойлашган “Uzsungwoo” қўшма корхонасида бўлиб, маҳаллийлаштириш асосида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирдилар.
Шундан сўнг, Фарғона давлат техника университетида Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри мери Жонг Чанг Сон иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди. Пёнтек шаҳри мери Жонг Чанг Сонга “Фарғона давлат техника университети фахрий профессори” илмий унвони тантанали равишда топширилди.
[gallery-28187]
Жонг Чанг Сон билдирилган юксак эътибор ва ишонч учун миннатдорлик изҳор этиб, Фарғона вилояти ва Пёнтек шаҳри ўртасида шаклланиб бораётган икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари келгусида янада кенгайиб, амалий натижалар беришини қайд этди.
Ташриф дастурининг муҳим тадбирларидан бири тадбиркорларнинг юзма- юз мулоқоти эди. Шу мақсадда Фарғона вилояти ҳамда Жанубий Кореянинг Пёнтек шаҳри ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган бизнес форум бўлиб ўтди.
Икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган тадбирда икки давлатнинг ишбилармон доира вакиллари, тадбиркорлар, Савдо-саноат палатаси ҳамда тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этдилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА