Сингапурнинг “Индорама Агро” компанияси делегацияси бир неча кундан буён мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди. Бугун Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев Ўзбекистонда бўлиб турган “Indorama Corporation” компанияси раиси Шри Пракаш Лохия бошчилигидаги делегацияни кутиб олди.
Пахта ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа соҳаларга йирик инвестиция киритаётган мазкур компания сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши учун янада катта имкониятлар эшигини очмоқда. Компания мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари қатори 2017 йилдан бошлаб Оқолтин ва Сардоба туманларида ҳам истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Дастлабки йилларда компания вилоятга 240 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиб, 200 нафар ишчи билан фаолият бошлаган бўлса, ҳозирги кунга келиб ўзлаштирилган тўғридан-тўғри инвестиция 400 миллион АҚШ долларига, яратилган иш ўринлари эса 2 696 тага етди.
[gallery-13922]
Инвестициялар асосан қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш, ирригация ва мелиорация иншоотлари тармоқларини реконструкция қилиш, техника, омборхона ва замонавий биолабораториялар ташкил қилишга йўналтирилган. Делегация аъзолари дастлаб Сирдарё туманидаги Хитой технологияси асосида экилган пахта майдонларида бўлиб, ҳосилни етиштиришда қўлланилган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишди. Меҳмонлар Оқолтин туманидаги пахта даласи, ғаллага тайёрланаётган ер майдонлари, пахтани қайта ишлаш корхонаси, логистика марказини кўздан кечирди.
– Ўзбекистон Президентининг биз каби инвесторларга берган имкониятлари туфайли вилоятнинг унумдорлиги паст экин майдонларида агротехник ишларни бажариб, пахтадан 35-40 центнер ҳосил олишга эришдик, – дейди компания раиси Шри Пракаш Лохия. – Келгуси йилдан ҳосилдорликни 60 центнердан оширишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Делегация аъзолари Сардоба туманидаги “Истиқлол” замонавий пахтани қайта ишлаш заводи фаолияти билан ҳам танишди. Ушбу завод компания томонидан йўналтирилган 80 миллиард 640 миллион сўмлик тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобига барпо этилган бўлиб, айни вақтда 200 нафар маҳаллий аҳоли иш билан банд. Компания томонидан Сардоба туманида қиймати 31,6 миллиард сўм бўлган “Логистика маркази” лойиҳаси ҳам амалга оширилган бўлиб, бу ерда 370 та янги иш ўрни яратилган.
“Индорама Агро” МЧЖ хорижий корхонаси инвестиция лойиҳаларидан ташқари ҳомийлик ва саховат ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Оқолтин туманидаги 2- ва 8-мактабгача таълим ташкилотларининг реконструкцияси ҳамда мукаммал таъмири учун 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратган. Меҳмонлар ушбу даргоҳларда ҳам бўлиб, тарбияланувчиларга совға-саломлар улашди.
Ш.Суяров,Ш. Ортиқбоев(сурат) ЎзА мухбирлари.