ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Сина маҳалласида миллий таомлар сайли бўлиб ўтди. Бу сайл вилоятнинг ўзига хос таомлари кўргазмаси сифатида ўтказилиши анъана тусини олган.
Миллий услубда жиҳозланган павильонларда уста пазандалар ўз маҳоратини кўрсатиб, турли таомлар тайёрлашдаги анъана ва усулларини намойиш этди.
Сурхон воҳаси ўзининг қадимий тарихи билан туризмнинг барча турларини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан туризмга бўлган эътиборнинг ортиши натижасида вилоятда зиёрат, эко ва этно туризм каби кўплаб йўналишлар ривожланмоқда. Бу эса ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонининг ортишига замин яратаётир.
[gallery-20155]
Синада миллий таомлар сайлини ташкил этилиши бежиз эмас. Бу қишлоқ азалдан пазандалик санъати билан машҳур бўлиб, мамлакатимизда кенг танилган. Тадбир ҳудуднинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий урф-одат ва анъаналарни меҳмонларга кенг намойиш этиш ҳамда Сина қишлоғини туристларнинг севимли масканларидан бирига айлантириш мақсадини кўзлаган.
Сайлда Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов қатнашди.
Тадбир якунида Сина маҳалласига “Сина” туризм қишлоғи мақоми берилди. Шунингдек, “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши ошпаз” ва “Энг мазали ҳудуд” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Улар вилоят ва Денов тумани ҳокимлиги томонидан диплом, махсус статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бу сайл туманнинг туристик салоҳиятини ошириш ҳамда миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш учун муҳим қадам бўлди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА