Ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоялаш – долзарб вазифа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларининг Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё марказида бажарилишини ўрганишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни нормаларининг Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё марказида бажарилишини ўрганишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Тадбирда депутатлар, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Молия, Адлия, Иқтисодиёт вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти масъул ходимлари, Фанлар академияси олим ва мутахассислари иштирок этди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зараркунандаларга қарши биологик усулда кураш ишларининг самарали ташкил этилиши натижасида экинлардан олинаётган ялпи маҳсулот миқдори ортиб, сифати яхшиланмоқда. Шу йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам бу алоҳида таъкидланди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини етказиб бериш, қўллаш ва самарадорлигини таҳлил қилиш Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази томонидан ишлаб чиқилган кимёвий ва биологик маҳсулотларга буюртманомаларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларни улар билан таъминлаш, биолабораторияларда биомаҳсулотларни кўпайтириш ва фермер хўжаликларига етказиб бериш ҳамда қўллаш тартиби каби ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда. Бунда инсон ва жонзотлар, атроф-муҳит учун безарар биологик кураш усулларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада биологик усулни қўллаш 2004 йилда 1,6 миллион гектарни ташкил этган бўлса, 2013 йилга келиб 2 миллион гектардан ошди.
Экспертларнинг фикрича, ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда қонун нормалари ижроси тўла таъминланиши аграр соҳанинг янада ривожланишига, фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий барқарорликка эришиши, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик соф маҳсулотлар етиштиришда муҳим ўрин тутади.
Тадбирда ўсимликларни зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш бугунги кун талабларига тўла мос даражада такомиллаштирилиши, хорижий давлатлар қонунчилигидаги илғор тажрибадан фойдаланиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.