Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
қ а р о р и
Мамлакатимизда ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш, уларни етиштириш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.
Тошкент давлат аграр университетининг Термиз, Нукус ва Самарқанд филиалида ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Марказнинг замонавий лабораторияларга эга бўлган минтақавий филиаллари ташкил қилинсин.
2. Қуйидагилар Марказ ва минтақавий филиалларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
республика ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш;
карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш, улар тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;
карантин объектлари ва ўсимликларнинг бошқа хавфли зарарли организмларини аниқлаш ва улар диагностикасининг экспресс-усулларини ҳамда уларга қарши курашишнинг услубларини ишлаб чиқиш;
зарарли организмларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганиш, уларни зарарсизлантиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва янги турдаги энтомофаглар яратиш;
Инспекция ходимларига, тадбиркорлик субъектларининг агроном ҳамда энтомологларига билим бериш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2021 йил 1 январдан бошлаб:
хусусий сектор томонидан ташкил этилган, аккредитациядан ўтган карантин лабораториялари томонидан экспортга юкланаётган мева-сабзавот маҳсулотларига ва бошқа материалларга хулоса беришга рухсат берилади;
Инспекция томонидан экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларига халқаро стандартлар ва импорт қилувчи давлатларнинг фитосанитар талаблари ҳақида билим бериб бориш бўйича мунтазам равишда махсус ўқув курслари ташкил этилади;
б) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юк хоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва “детектор – хизмат ит”ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади;
в) 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб:
экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш учун ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилади;
ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида Инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.
4. Қуйидагилар:
2020-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида ўсимликлар карантини фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2020-2021 йилларда ташкил этиладиган ўсимликлар клиникалари, биолабораториялар ва қадоқлаш цехларининг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг ташкилий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси марказий аппаратининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияларининг (кейинги ўринларда – ҳудудий инспекциялар) намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;
ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари ходимларининг сони 6-иловага мувофиқ;
автомобиль йўлларидаги, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё порти ва ТИФ постларидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт рўйхати 6а-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки:
ушбу қарорнинг 1-иловасида белгиланган тадбирларни молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари, Ўсимликлар карантини тизимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Инспекция раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига 2020-2021 йилларда ташкил этиладиган ўсимликлар клиникалари, биолабораториялар ва қадоқлаш цехларининг ўз вақтида барпо этилиши ҳамда ишга туширилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади.
6. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Марказ ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини қабул қилсин.
Бунда, Марказ “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ҳузуридаги “Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти” МЧЖга қарашли Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бобур кўчаси, 4-уй манзилида жойлаштирилиши назарда тутилсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ ва унинг минтақавий филиаллари ходимларига республика илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
Марказ ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини молиявий таъминлаш Давлат бюджети маблағлари, грантлар, бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Марказ ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини молиялаштириш 2020 йилда Давлат бюджетидан Инспекцияга ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади ҳамда 2021 йилдан бошлаб бунинг учун Давлат бюджети параметрларида зарур маблағлар кўзда тутилади.
8. Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ва унинг минтақавий филиалларига бириктирилаётган муассасалар рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ҳар бир муассаса катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш, кириб келишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича илмий асосланган чоралар ишлаб чиқиш учун мутахассисларни бириктиради.
9. Фанлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Инспекция билан биргаликда мазкур қарорга 7-иловада келтирилган муассасалар қошида уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича карантин лабораторияларини ташкил қилсин. Бунда:
Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳаларда уларнинг моддий-техник базасини янада такомиллаштиришга маблағлар йўналтирилишини;
Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда илмий-тадқиқот институтлари ва Тошкент давлат аграр университетининг ходимлари лабораторияларга бириктирилишини ҳамда замонавий асбоб-ускуналарда ишлаш кўникмаларини шакллантириш учун хорижий стажировкалар ташкил этилишини таъминласин.
10. Инспекция ва Марказ вазифаларидан келиб чиқиб:
Илмий-тадқиқот институтлари қошидаги карантин лабораториялари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси 8-иловага мувофиқ;
республикадаги биолабораториялар ва ўсимликлар клиникаларини тегишли илмий-тадиқот ва олий таълим муассасалари кафедраларига бириктириш жадваллари 9 ва 9а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда, биолабораториялар ва ўсимликлар клиникаларининг фаолиятини ҳар бир ҳудуднинг хусусиятлари ва тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, янги турдаги энтомофагларни кўпайтириш ва маҳсулот етиштирувчиларга хизмат кўрсатиш бўйича инновацион усулларни ишлаб чиқиш, тегишли йўналишлар бўйича услубий ва амалий кўмак бериш орқали илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари кафедралари мувофиқлаштириб боради.
11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:
Инспекциянинг ходимларига қўйиладиган малака талаблари асосида тегишли олий таълим муассасаларида ўтказиладиган 144 соатлик қисқа муддатли курсларни ишлаб чиқсин ҳамда Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини таълим йўналишининг ўқув режасини қайта кўриб чиқсин;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин;
Инспекциянинг ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган профессионал таълим муассасаларида “Ўсимликлар ҳимояси лаборанти” ва “Ўсимликлар ҳимояси ва карантини агрономи” каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин.
12. Инспекция:
а) қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
икки ой муддатда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тез бузиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортга юкланадиган жойларда зарур инфратузилма яратиш ва ускуналар билан жиҳозлаш бўйича таклифларни;
2021 йил 1 июлга қадар Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўсимликлар карантини чегара пунктларини республика ҳудудига олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотларнинг тури бўйича ихтисослаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини;
икки ой муддатда Ўзстандарт агентлиги билан биргаликда хусусий сектор томонидан ташкил этилган, аккредитациядан ўтган карантин лабораториялари томонидан экспортга юкланаётган мева-маҳсулотларига хулоса бериш тартибини;
б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича Халқаро конвенция котибияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда 2020-2022 йилларда соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка босқичма-босқич уйғунлаштириш чораларини кўрсин;
в) 2021 йил 1 январга қадар Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизимини “Ягона дарча” божхона ахборотлаштирилган тизимига интеграция қилиш ишларини тўлиқ якунласин. Бунда:
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги, Гидрометеорология хизмати маркази тегишли равишда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари етиштирадиган фермер ва деҳқон хўжаликлари, боғ-токзорлар, аҳоли томорқалари, об-ҳаво тўғрисидаги маълумотлар Инспекциянинг “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизимига мунтазам киритилиши учун уларни доимий равишда тақдим этиб борсин;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизими базасида “даладан экспортгача” бўлган занжирни қамраб олувчи тизимни яратсин ва ишга туширсин;
карантиндаги ва экспортга салбий таъсир этувчи бошқа хавфли зарарли организмлар тарқалган ҳамда улардан ҳоли бўлган ҳудудларнинг электрон хариталари юритилишини жорий қилсин;
“даладан экспортгача” бўлган занжирда “бар-код” тизимини ишлаб чиқиш бўйича амалий чораларни кўрсин.
13. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Марказ ва унинг минтақавий филиаллари, илмий-тадқиқот институтлари ва Тошкент давлат аграр университетининг карантин лабораториялари барча зарур лаборатория ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозланиши учун икки ой муддатда 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
14. “Ўзстандарт” агентлиги карантин лабораториялари фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш мақсадида Конвенциянинг лаборатория диагностикаси йўналишидаги стандартлари белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
15. Кадастр агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Навоий ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларининг 10-иловага мувофиқ биноларни ҳудудий инспекцияларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги ташкилотларга тегишли бинолар қайта баҳоланган бозор қийматида Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Давлат бюджети олдидаги мавжуд қарздорликларни қисқартириш ҳисобига берилиши белгилансин.
16. Ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:
а) Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев бир ҳафта муддатда ташкилий йиғилиш ўтказиб, масъул вазирлик, идора ва ҳокимликларнинг вазифаларини аниқ белгилаб берсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ҳудудлар кесимида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг тасдиқланишини таъминласин;
б) Инспекция (Эргашев):
икки ой муддатда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилишини таъминласин;
2020 йил якунига қадар экспорт қилинадиган маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун халқаро фитосанитария сертификати берилиши, улар етиштирилган дала, боғ ва томорқалар назорати натижасида бериладиган ички фитосанитария сертификатини жорий қилиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари билан биргаликда 2021 йил якунига қадар кластерлар ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида биофабрика ташкил қилиш, уларда янги инновацион технологиялар асосида энтомофагларни кўпайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
2021 йил 1 январдан бошлаб Марказда экспортбоп маҳсулот етиштирувчи, тайёрловчи, сараловчи ва қадоқловчи тадбиркорлик субъектларидаги ҳамкорликни таъминловчи ходимларнинг махсус ўқув курсларида ўқитилишини ташкил этсин;
олти ой муддатда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда республика манфаатларидан келиб чиққан ҳолда 2020-2023 йиллар давомида Озарбайжон, Қатар, Туркия, Латвия, Литва, Украина, Миср, Мўғулистон, Чили, Афғонистон Ислом Республикаси ва бошқа давлатларнинг ўсимликлар карантини соҳасидаги ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама битимлар тузилишини таъминласин;
ҳар чоракда амалга оширилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борсин;
в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ходжаев) Инспекция билан биргаликда маҳаллий мева-сабзавотлар экспортига салбий таъсир кўрсатадиган карантиндаги ва бошқа хавфли организмларга қарши самарали курашиш, улар тарқалишининг тезкор олдини олиш учун АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа илғор давлатлар тажрибаларини ўрганиш натижалари асосида қўлланиладиган инновацион кимёвий препаратлар ва пестицидларнинг ўрнатилган тартибда рухсат этилган рўйхатини мунтазам равишда мувофиқлаштириб борсин;
г) Ташқи ишлар вазирлиги (Арзиев) мунтазам равишда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро келишувга эришиш орқали маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт бозорларини кенгайтириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин ва ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама битимлар тузишда ҳар томонлама кўмаклашсин;
д) Давлат божхона қўмитаси (Азимов) ҳамда Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов) Инспекция талабларидан келиб чиқиб, 2020 йил декабрдан бошлаб йилига 5 тадан ўсимликлар карантини соҳасидаги “детектор – хизмат ит”лари ҳамда 5 нафардан кинологлар тайёрлаб берилишини таъминласин;
е) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:
бир ой муддатда мазкур қарорга 2-иловада белгиланган прогноз кўрсаткичлари бўйича Инспекция ва “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ билан келишилган ҳолда аниқ инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаб, мақбул ер майдонлари “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига қўйилишини таъминласин;
Инспекция билан биргаликда мева-сабзавот экспортёрлари билан уларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва тезкор бартараф қилиш мақсадида ҳар чоракда камида бир марта семинар ва учрашувлар ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.
18. Инспекция манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
19. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Р.А.Гулямов, А.А.Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 13 октябрь