Сифатсиз дорилар йўқ қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими томонидан юртимизга ноқонуний, яширин йўллар билан кириб келган, умумий қиймати 1 миллиард 186 миллион сўмлик, 30 турдаги дори воситалари йўқ қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли дори ва тиббий воситалар билан таъминлаш борасида тизимли чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин айрим “уддабурон”лар бу имтиёз ва имкониятдан фойдаланиш ўрнига хорижда ишлаб чиқарилган, сифати кафолатланмаган дори воситаларини республикамизга яширинча олиб киришга уринмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида бир гуруҳ шахслар четдан катта миқдорда дори воситаларини олиб ўтишга уринган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари бу маҳсулотларни тўхтатиб қолишади. Олиб борилган суриштирув, тергов ҳаракатлари давомида гуруҳнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, суднинг ҳукмига кўра уларга жазо тайинланади.
– Ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган ашёвий далил сифатида қайд этилган инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган 30 турдаги 29 минг 600 та цефракцион, 5 минг 759 қути прсулфин, 1 минг 758 та панангин, 1 минг 800 та снуп ва яна бошқа дори воситаларини тегишли тартибда йўқ қилиш белгиланган, – дейди МИБ Наманган вилоят бошқармаси масъул ходими Соҳибжон Рафиқов. – Айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари вакиллари иштирокидаги тадбирда сифатсиз дорилар куйдириш ва тўкиш йўли билан йўқ қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.